"Мақсадимиз қашқадарёлик футбол ўйнай олмай қолган ўйинчиларни реклама қилиш" - Кубокда сенсация кўрсатган "Лочин" устози яна нималарни айтди?

CHERY AUTO

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги сенцасион натижа Қаршида кузатилди. Биринчи лига жамоаси ҳисобланган “Лочин” ўз уйида Ўзбекистон Кубогининг амалдаги ғолиби – “Андижон”ни қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаб қозонган ҳолда барчани ажаблантира олди. “Андижон” эса мусобақани тарк этди. “Лочин” бош мураббийи Сардор Тўхтаев бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- “Андижон” бизни икка карра кучли тайёргарлик қилишга ундайдиган жамоа. Чунки ўтган йилги Ўзбекистон Кубоги соҳиби. Ҳар доим чемпионларга ўйнаш оғир бўлади. Йигитларга раҳмат айтаман. Яхши ўйин бўлди, тенг курашлар остида кечди. Футболчиларимиз майдонга чиқиб бор кучини сарфлашса, рақиб ким бўлишидан қатъий назар натижага эришиш мумкинлигини исботлашди. “Андижон” яхши жамоа. Ўйин борасида ҳам камчиликларимизни кўрсатишга ёрдам берди. Иккинчи таймда камчиликларимизни бартараф қилдик. Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни ўзгартиришди. Жамоам ғалабага лойиқ ўйнади. 

- "Лочин" жамоасини Ўзбекистон Кубоги ва биринчи лигадаги мақсади қандай?

- Раҳбарият томонидан жамоага кенг имкониятлар яратилмоқда. Ректоримиз – Дилмурод Ҳамидуллаевич Набиев томонидан мақсад юқори қўйилган. Кубокда ҳам вазифамиз узоққа бориш. Аввало, гуруҳдан чиқиш. Биринчи лигада асосий мақсадимиз про лигага йўлланмани қўлга киритиш. Чемпионликни мақсад қилганмиз. Олдимизга катта мақсад қўйганмиз. Раҳбариятга ва Қашқадарё халқига катта раҳмат.

- Дастлаб гол урдинглар, кейин рақиб ҳисобни тенглаштирди. Суперлиганинг номдор жамоасига охирги дақиқада иккинчи голни уришга қандай куч топа олдинглар?

- Ўйиндан олдин ҳам футболчилар билан бирга фақат шу ўйин ҳақида бош қотираётгандик. “Андижон” кучли жамоа. Футболда кам қолган дақиқалар, сониялар ҳал қилиб кетади. Йигитларга мувозанатни йўқотмасликни ва футбол ўйнайдиган ҳар бир жамоада вазият бўлишини уқтирдим. Вазиятдан фойдаланиш асосий мақсадимиз эди. Иккинчи бўлимда иккита вазият ва голлар урдик. Ҳисобга олдинга чиққанимиздан кейин барибир йигитларда чарчоқ сезилди ва босим остида пенальтидан гол киритди. Ҳамма жамоада бўладиган нарса. Ютқазаётган жамоа бор кучи билан олдинга ташланади. Ўша вазиятда бироз мувозанатни йўқотганимиз эвазига гол ўтказдик. Иккинчи гол эса захирадан тушганларнинг ижоди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушганларнинг олдига ўйинни ўзгартириш вазифаси қўйилганди ва буни уддалашди.

- Пенальти белгиланган вазият борасида фикрингиз қанақа?

- Пенальти бўлган ҳолат мендан анча узоқда эди. Бу ҳакамларнинг иши. Уларнинг ишига аралашмаган маъқул, ҳакамлар ўз ишини қилишяпти. Футболга озми-кўпми шаффофлик кириб келяпти. Мана, биринчи лига жамоаси чемпионни мусобақадан чиқариб юбориши ҳазилакам нарса эмас. Бу Ўзбекистон фуболи ўсаётганидан далолат беради. Англияда ҳам кўрсангиз қуйи лигадаги жамоа “Манчестер Юнайтед” ёки “Челси”ни мусобақадан чиқариб юборади. Шундай ҳолат аста-секин ўзбек футболига ҳам кириб келяпти.

- Ўзбекистон Кубогида олдинда “Сурхон”га қарши учршув бор. Агар “Сурхон”ни ютган тақдирда вазият қандай тус олади, деб ўйлайсиз?

- “Сурхон”ни ҳам ўрганиб боряпмиз. “Динамо” билан баҳсда ҳам вазиятлардан фойдалана олмаганимиз ва пенальтидан гол ура олмаганимиз эвазига ютқаздик. Биз таркибимизга Суперлига савияси билан тенг бўлган ўйинчиларни йиғганмиз. “Сурхон” билан фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Йигитларни шу нарсага тайёрлаймиз. Ютадиган бўлсак, кейинги босқичга йўл оламиз.

- Жамоадаги кўплаб футболчилар озми-кўпми катта футболни кўрган. Шу жамоани йиғишда нимага эътибор бердинглар?

- Ҳазил тариқасида айтадиган бўлсак, Қашқадарёни эрта сўнгга юлдузлари. Аксарияти характерга эга футболчилар. Шунинг учун ўйнаб кета олмаганлар. Уларни футболга қайтарамиз. Катта футболга қайтиш йўлида биз билан бир мақсад йўлида бирлашишган. Футбол ўйнай олишимизни исботлаймиз, деган мақсад остида йиғилганмиз. Бу жамоа билан ишлаш озроқ қийин. Чунки 25 нафар ўйинчи ва 25 та характерга эга футболчилар. Шунинг эвазига улар билан кунига 24 соат давомида ёрдамчим Санжар Тўрақулов билан бирга ишлаяпмиз. Бу ўз натижасини беряпти, деб ўйлайман.

- Футболда барибир молиявий имконият ўз сўзини айтади. Йигитлар шижоат билан ўйнашди ва вазифани бажаришди. Клубда молиявий имконият қандай?

- Биздаги молиявий имконият деярли Суперлига жамоалариники билан тенг. Бу томонлама ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ойлигимиз, мукофот пулларимиз вақтида тўлаб бериляпти. Ҳеч ким Қашқадарёдан Самарқандга бир кун олдин бориб жойлашмаган. Биз “Динамо” билан учрашувга бир кун олдин бордик. Молиявий томондан катта эркинлик беради ва бу борада қийинчиликка дуч келганимиз йўқ.

- Молиявий қийинчилик йўқ деяпсиз. Уни миқдоричи?

- Ҳамма жамоани ўзини даражаси бўлади. Даражасига мос равишда ойликлар белгиланган.

- Ўйинларни сифатлироқ майдонда ўтказиш бўйича ташаббус бўлганми?

- Ўйинларни сифатлироқ майдонда ўтказиш таклифи берилган. Қаршидаги “Геолог” стадиони ва Муборакдаги майдон бор. Биз “Бешкент”даги ўз майдонимизда ўйнашни хоҳладик. Раҳбарият талабимизни қондириб берди. Чунки бу жамоамиз учун бегона бўлмаган майдон. Аксарият йигитлар ўтган йили “Насаф Фарм”ни про лигага олиб чиқишган. Бу майдон улар учун бегона эмас, шу ерда чемпион бўлишган.

- Ёзги трансферда жамоангиз ўйинчиларига бошқа клублардан қизиқишлар бўлса, бунга қандай қарайсиз?

- Муносабатимиз, етакчиларимизга биздан баланд бўлган, про лига ва Суперлига клубларидан таклифлар тушса, ижобий қараймиз. Мақсадимиз, қашқадарёлик футбол ўйнаши мумкин бўлган ўйнай олмай қолган ўйинчиларни реклама қилиш. Бутун Ўзбекистон футболига тақдим қилиш мақсадида шу йигитларни йиғганмиз. Қайсидир футболчимизга про лига ёки Суперлигадан таклиф бўлса, бемалол қўйиб юборамиз. Уларнинг ўрнига ёшларимиз ўсиб келяпти. Захирадан майдонга тушганлар бемалол ўрнини тўлдиришига кўзим етади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!