Марат Бикмаев: "Пахтакор" менга янги шартнома берса қоламан, акс ҳолда...

Бизнинг бугунги мақоламиз тўлалигича «Пахтакор» ҳужумчиси Марат Бикмаевга бағишланади. Тажрибали футболчи билан мулоқотга киришиш учун сабаблар етарли эди. Масалан, у фаолияти давомида кетма-кет тўртинчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлди, ўтган йили тўпурар бўлган бўлса, бу йил жамоадоши ундан «улоқ»ни илиб кетди ёки бўлмаса миллий терма жамоага мунтазам чақирилган бўлса, эндиликда четда қолиб кетмоқда. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам Бикмаев рақиблар учун хавфли ҳужумчи бўлиб қолаверади. Негаки, унинг қачон ва қандай хавф туғдиришини олдиндан билиб бўлмайди. Албатта, унинг ўзига яраша устун томонлари ҳам бор. Лекин тан олиш керакки, охирги пайтларда «Пахтакор»даги бошқа ҳужумчиларнинг самарадорлиги эвазига Марат уларнинг «сояси»да қолиб кетаётгандек. Шуларнинг барчасини инобатга олган ҳолда у билан бир қатор масалаларда ўзаро фикр алмашдик.

Дарҳақиқат, Марат Бикмаев фаолиятида кетма-кет тўртинчи марта Ўзбекистон чемпионига айланди. Бунгача у «Локомотив» билан биргаликда уч йил ушбу унвонга сазовор бўлган бўлса, бу йил «Пахтакор» сафида ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлишга муваффақ бўлди. Унинг ўзи ҳам «Шерлар» сафига қўшилган чоғида чемпион бўлиш мақсадида келганлигини айтиб ўтганди. Кўриб турганингиздек, у гапининг устидан чиқди.

- Ҳар қандай футболчи иккинчими ёки тўртинчими, фарқи йўқ, кетма-кет чемпионликка эришса жуда хурсанд бўлади. Тўғриси, бундай муваффақият ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Табиийки, мен кетма-кет тўртинчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлганимдан бахтиёрман. Яна нима дейишим мумкин? Бир сўз билан айтганда, менинг хурсандчилигим чексиз. Худо хоҳласа, яхши ният қиляпман ва кетма-кет бешинчи чемпионликка ҳам эришаман деб умид қиламан, - дейди Бикмаев.

бикмаев4

Тан олиш керакки, бу йилги мавсумда «Пахтакор» ҳаддан ортиқ кучайди. Буни қайд этаётган ўйинлари ҳамда натижаларидан билиш мумкин. Рақиблари дарвозасига хоҳлаганча гол ураётгани ҳам уларнинг қанчалик кучли эканлигини кўрсатиб турибди ва бошқа рақибларнинг кучи етмаётгани ҳам кўриниб турибди. Қизиқ, бу чемпионатимиз савияси кучсизлангани билан боғлиқми ёки бошқа сабабми? Бу масалада Бикмаев шундай деди:

- Чемпионатимизнинг савияси тушиб кетгани йўқ, аксинча кучайган деб ҳисоблайман. Мавсум олдидан жамоамиз олдига аниқ мақсадлар қўйилган. Шунга яраша яхши савиядаги футболчиларни олишди. Ахир биз олдимизга қўйилган мақсадни бажаришимиз керак эди. Ахир нега биз чемпион бўла олмаслигимиз керак? Бу вазифани шараф билан бажаришимиз учун ҳам таркиб кучайтирилди. Шунга яраша қаттиқ ҳаракат қилдик. Натижада мавсумни яхши бошладик ва буни барқарор равишда давом эттириб келмоқдамиз. Албатта, бирин-кетин ғалабалар қозонишда давом этаверсангиз, ўзингизга бўлган ишонч ҳам ортиб бораверади. Натижада биз муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритдик. Лекин, биласизми, чемпион бўлганимиздан сўнг янада руҳланиб кетдик.

Ёдингизда бўлса, Бикмаев ўтган йилги мавсумда «Локомотив» таркибида мамлакат чемпиони бўлишдан ташқари, энг яхши тўпурар ҳам бўлганди. Натижада у «Пахтакор»га тўпурар чемпион сифатида қўшилганди. Лекин ҳужумчининг «Пахтакор»даги кўрсаткичларига назар ташлайдиган бўлсак, у чемпионатда ҳозиргача 8 та гол  урди. Тан олиш керакки, у ерда ҳужум чизиғида рақобат кучли. Драган Черан 22 та гол билан яққол тўпурар бўлиб турибди ва катта эҳтимол билан унга ҳеч ким ета олмаса ҳам керак. Игорь Сергеевнинг ҳисобида эса 11 та гол бор. Хуллас, кўриниб турибдики, Бикмаевнниг ўтган йилга нисбатан киритган голлари кам бўлди. Бунинг сабабини эса у қуйидагича изоҳлади:

- Тўғри айтяпсиз, «Пахтакор»да рақобат кучли. Айтишади-ку, рақобат бор жойда ўсиш ҳам бўлади. Шуни ҳам айтмоқчиманки, керак бўлса қанот ярим ҳимоясида ҳам тўп сурдим. Айниқса, Достон Ҳамдамов жароҳат олган пайтларда унинг жойида ўйнаб турдим. Баъзи-баъзида эса ҳужумда ҳам ўйнаб турардим. Умуман олганда, бу йил негадир сермаҳсуллик ўхшамади. Тўғриси, нимагадир голларимни қийинчилик билан уряпман. Майли, бунга ортиқча эътибор қаратмаслик керак, муҳими, бизда рақобат бор, ўйинимиз бор ва голлар уряпмиз. Айниқса, ким гол уришининг фарқи йўқ, «Пахтакор» ютяптими, энг муҳими шу.

Аслида Бикмаев «Пахтакор»га асосий футболчилардан бири сифатида таклиф этилганди. Лекин охирги пайтларга келиб у захирада қолиб кетмоқда. Ҳар холда у майдонга асосан захирадан тушаётганини кўряпмиз. Табиийки, Черан билан Сергеевнинг сермаҳсул ўйинларини ҳам унутмаслик керак. Марат эса шундай фикр билдирди:

- Ҳақиқатан ҳам мен захира ўйинчиси бўлиб қолдим. Кимнинг спорт формаси яхши бўлса, ўша майдонда ўйнаши керак. Мен бунга розиман ва доим ўзим ҳам шу ҳақида айтиб келаман. Мана, ҳозирда Сергеев ҳар учрашувда майдонга тушяпти ва голлар уряпти. Ҳар қандай мураббий эса шубҳасиз гол ураётган футболчини майдонга тушираверади. Нима қиламиз, ҳаёт шундай. Энди имкониятим келишини кутиб тураман.

бикмаев

«Пахтакор»да шароитлар, инфратузилма, савия, муҳит, умуман ҳаммаси аъло даражада ва бу борада улар бошқалардан мутлақо ажралиб турибди. Бикмаев ўзи истаган клуб айнан шундай бўлиши керакми? Бунга мақоламиз қаҳрамонидан жавоб эшитамиз.

- Тўппа-тўғри айтяпсиз, бу ердаги шароит энг юқори даражада. Қолган клубларни хафа қилмоқчи эмасман-у, барибир Ўзбекистондаги биринчи рақамли жамоа бу – «Пахтакор». Шунингдек, «Локомотив», АГМК каби жамоаларни ҳам унинг қаторига қўшиш мумкин.

Марат илк бор Шота Арвеладзе билан бирга ишлаяпти. Ўз навбатида Бикмаев ҳам кўплаб мутахассислар билан бирга ишлаган. У бошқаларда кўрмаган нарсани Арвеладзеда кўрдими? Умуман олганда, футболчи бош мураббийга шундай таъриф берди:

- Мураббий ҳақида нима дейишим мумкин? Албатта, унинг машғулотлари европача услубда олиб борилади. Яъни, «Аякс» жамоаси қандай шуғулланса, биз ҳам шундай ишлаймиз. Яна, қанақа янгилик ҳақида айтишим мумкин? Айтарли ҳеч гап йўқ. Албатта, у ҳам бизга ўхшаган инсон. Албатта, унинг қўллаётган услублари балки ўзбек футболи учун янгилик бўлиши мумкин. Бизда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бор. Олдин қандай ишлардик? Майдонга чиқиб, бирданига «қизиб» олиш учун квадрат ўйнардик. Бизда Ласло деган мураббий бор, у аввало алоҳида шуғуллантиради. Кейин майдонга чиқамиз.

Жорий йилги мавсум ҳам аста-секин якунига етиб боряпти. Қизиқ, Бикмаев бундан кейин ҳам «Пахтакор»даги фаолиятини яна давом эттирадими ёки чемпионат тугагач, унинг режалари ўзгариб кетадими? Ундан шу мавзу ҳақида сўраганимизда шундай жавоб қайтарди:

- Тўғрисини айтсам, ҳозир бирор нима дейишим қийин. Менинг клуб билан тузган шартномам шу йилнинг охирида тугайди. Агар менга янги шартнома таклиф қилишса, албатта «Пахтакор»да қоламан. Мабодо, шартнома беришмаса, у ҳолда клубдан кетаман. «Пахтакор» мен учун қадрли клуб. Чунки фаолиятимни айнан шу ерда бошлаганман. Албатта, кейинги йилга ҳам «Пахтакор»да қолсам яхши бўларди.

бикмаев2

Шунингдек, бунга қадар ҳам уни миллий терма жамоамизнинг етакчиларидан бири сифатида кўрардик. Лекин охирги пайтларда Бикмаевни термага чақирмай ҳам қўйишди ва бу жараён давом этмоқда. Ҳужумчи эса ушбу масалага ҳам эътибор қаратди.

- Терма жамоага нима учун чақиришмаётганининг сабабини билмайман. Агар «Пахтакор»да барқарор ўйнаб, голлар уриб турганимда ўйлайманки, мени ҳам терма жамоага чақиришарди. Лекин клубда сермаҳсулликни кўрсата олмай қолдим. Балки захирада қолиб кетаётганим учун мени терма жамоага жалб этишмаётгандир. Ёки бўлмаса ёшим катталиги учун чақиришмаётгандир. Тезроқ шу мавсум тугаса, янги чемпионатга астойдил тайёргарлик кўриш керак деб ўйлайман.

Лекин кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, ўз вақтида Марат Бикмаев ўзининг ўйинлари ва голлари билан терма жамоамизга ҳам кўп асқотган. Қолаверса, ҳар доим у терма жамоамиз учун қайғуриб келган. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бош мураббийнинг ўзгарганига ҳам «Пахтакор» ҳужумчиси бефарқ эмасди. Шу тариқа, Бикмаев Абрамовнинг тайинлануви тўғри бўлганлигини таъкидлади.

- Ўзгариш тўғрисида гапирадиган бўлсам, Эктор Купер асосан ҳимоявий ўйинни ёқтирарди. Менинг фикрим эса шундай: ўзбекистонлик футболчилар ҳеч қачон ҳимоявий ўйин ўйнашмаган. Масалан, мен чапақай футболчи бўлсам, битта мураббий келиб, сен ўнг оёқда тепасан деса, қачон буни ўргана оламан? Шунинг учун Вадим Абрамовнинг келгани жуда яхши бўлди. Чунки у албатта ҳужумкор футболни ёқтиради ва жамоаси ҳам шундай ўйнайди.

Яқинда миллий терма жамоамизнинг етакчиларидан бири Анзур Исмоилов расман термадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Одил Аҳмедов ҳам тугатмоқчи бўлганида, уни бу фикридан қайтаришган экан. Қизиқ, Бикмаев ҳам терма жамоадаги фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламаяптимикин? Бунга ўзидан жавоб эшитамиз.

- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Лекин ўзимга қолса, яна терма жамоада ўйнамоқчиман. Албатта, менда ҳам термадаги фаолиятимни тугатсаммикин деган хаёллар бўлган. Лекин ҳозирдан бирор нима айта олмайман. Ҳозир айтганимдек, ҳаммасига вақт олий ҳакам. Олдиндан ҳеч нима айта олмайман. Лекин мен терма жамоага интиляпман. Айниқса, мени ҳам чақиришсин деб ҳаракат қиляпман.

Терма жамоамизга Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинлангач, Бикмаев ўзини ушбу мутахассис қўл остида қандай кўряпти? Қуйида ўз фикри била ўртоқлашди.

- Абрамовга ҳам вақт керак. Ўйлашимча, қисқа вақт давомида Вадим Карленович йигитларга тўғри йўналиш ва кўрсатма бериб, бир мақсад сари руҳлантира олади. Асосийси, олдимизда турган иккита ўйинни муваффақиятли ўтказиб олишимиз керак. Мен ҳам Абрамовга ва футболчиларга ишонаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
09/10/2019 22:23
Марат келаси мавсум пахтакор сени металлурка бериворади аниқ бошқа жамо сани омийди
&
Фан
10/10/2019 01:33
Буни Маратни узидан бошка хамма билса керак.
Койил лекин сиз хам билибсиз.
&
JASUR3838
10/10/2019 14:37
Sharoyit engira tuzilma jihatdan pax. olmaliq zur debsiz boshqa kulublarda ham sharoit chakki emas Masalan Nasaf ofk kubigini ogan jamoa. Paxtakorda Qanchadan qancha futbolchi bor yug'i chempionatda 1 urin.
&
Фан
10/10/2019 01:27
Куппер бекор кетди, Абрамовдан кура уни узи минг бора яхши ва ишончли эди, катта хатолик булди))) - деган жавобни кутганмидингиз.
Шу савол берилмаган футолчи колмади шекилли, табиийки жавоблар хам бир хил "шаблон" жавоблар.
&
Абдуллах
09/10/2019 23:04
Марат у́тган и́или ту́пурар бу́маган Тиаго Безерра бу́ган
Ундан олдингисида эди