Марушич "Нефтчи"га урган голи билан "Навбаҳор" тарихидан жой олди
Хабарингиз бор, айни пайтда “Навбаҳор” Ўзбекистон Сoca Cola Суперлигасида 22-тур баҳсларидан кейин 43 очко тўплаган ҳолда, 2-ўринни эгаллаб турибди.
Жамоамиз айни пайтгача рақиблар дарвозасига 26 та гол урди. Фарғонада бўлиб ўтган “Нефтчи” – “Навбаҳор” (1:2) беллашувида мезбонлар дарвозасига киритилган иккинчи тўп жамоамизнинг Ўзбекистон миллий чемпионатларида урган юбилей, яъни, 1450-голи сифатида тарихдан жой олди.
Ушбу голга эса мазкур учрашувнинг 64-дақиқасида “лочинлар”нинг 28 ёшли сербиялик тажрибали ҳужумчиси Зоран Марушич муаллифлик қилди ва мазкур гол эвазига “Навбаҳор” Фарғонадан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди.
Шу тариқа, Марушич “Навбаҳор”нинг юбилей голларини урган футболчилар рўйхатидан жой олди.
“Навбаҳор” 1450-гол маррасини Тошкентнинг “Пахтакор” ва Фарғонанинг “Нефтчи” клубларидан сўнг, учинчи бўлиб қайд этди.
Изоҳ: 2001 йилгача миллий чемпионатларимизда техник ғалабага эришган жамоаларга 3 тадан гол ёзилган ҳамда “Навбаҳор”нинг ҳисобида шу йилгача бўлган даврда 3 та техник ғалаба бор.
Бироқ, жамоамизнинг миллий чемпионатларимиздаги барча кўрсаткичлари ва ортда қолган барча мавсумларнинг якуний турнир жадвалларидан келиб чиқадиган бўлсак, “Навбаҳор”нинг ҳисобида ҳозирда 1450 та гол мавжуд.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар