"Машъал" ва "Бунёдкор" Элдор Шомуродов трансферидан қанча ишлаб олиши керак?

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида яқинда "Ростов"дан "Женоа"га кўчиб ўтган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ушбу трансфердан ўзининг собиқ жамоаларига қанча фойда келтириши ҳақида пост қолдирди.

"Россия нашрларининг қайд этишича, Элдор Шомуродовнинг трансфери "Женоа" учун 7,5 миллион еврога тушган. Футболчини тарбиялашда иштирок этган клублар бирдамлик механизмига кўра, мазкур сумманинг 5 фоизини тегишли тартибда "Женоа"дан олиши лозим. Бунда футболчининг 12 ёшдан 23 ёшгача бўлган даврида шуғулланган клубларига пул тўлаб берилади.

Элдор 2007 йил 12 ёшга қадам қўйган ҳамда 2014 йилга қадар Машъал шарафини ҳимоя қилган. Демак, "Машъал" умумий ҳисобда 225 000 еврога эга чиқиши керак.

"Бунёдкор" клуби эса, 2015-2017 йиллардаги ҳолати учун "Женоа"дан 112 500 евро пул олишга ҳақли. Бирдамлик механизмидан қоладиган яна 37 500 еврога "Ростов"нинг ўзи эга чиқади.

Изоҳ. Бунда "Женоа" 7,5 миллион еврони "Ростов"га бирданига ташлаб берадими ёки қисмларга бўлибми, мана шу жиҳатни ҳам инобатга олиш керак. Бунда олинадиган сумма ўзгармайди, фақатгина унинг қай тартибда олиниши белгиланади".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!