"Машъал" мураббийи: "Биринчи бўлимда бизга, иккинчи бўлимда "Андижон"га омад келди"
“Машъал” – “Андижон” (0:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар мураббийи Бобур Зуҳриддинов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Йигитлар 100 фоиз эмас, 200 фоиз ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда бироз хатолар бўлди. Иккинчи бўлимда ўйинни назорат қилдик. Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинга яхши қўшилишди. Кўрганинглардек, иккинчи бўлим охирларида гол уришимиз керак эди. Биринчи бўлимда бизга, иккинчи бўлимда “Андижон”га омад келди.
- Агаповнинг ўйинида кўпроқ хатоларни кўрдик...
- Микола билан ишлаяпмиз. У яхши ўйинчи. Потенциали юқори. Фақат баъзи ҳолатларда у жойида ҳаракатланяпти. Ўйлашимча, Агапов бугун яхши ўйнади. Фақат баъзида унга совуққонлик етишмади.
- Молочко захирага олинди. Балки унга охиригача имконият бериш керакмиди...
- Молочкони захирга олишимизни сабаби бу ўйин режамизда бор эди. Биз унга 60 дақиқалик режа қилгандик. Молочкодан ташқари бизда Саид Ғуломов ҳам бор. Саид ўйинни кучайтириши керак эди ва қисман бу режамиз ўхшади.
- Худоёрхон Сагдуллаев мавсум бошидан бери ўйинида ўсиш кузатиляпти. Лекин у кўпинча захирадан майдонга тушириляпти...
- Сагдуллаевда ҳам худди Агаповдаги ҳолат. Биз мураббийлар штаби унинг ҳам потенциалини юқори ҳисоблаймиз. Уни захирадан тушаётгани албатта ўйин режасига боғлиқ. Иккинчи бўлимда ўйинни кучайтиришни режалаштиргандик ва шу боис иккинчи бўлимда туширдик.
- Бугун жамоа хато қилдими ёки сизми?
- Бугун мен ёки жамоа хато қилди демайман. Бу ерда биргина мен эмас, бутун мураббийлар штаби ишлаймиз. Қарорни биргина ўзим қабул қилмайман. Бугун биз мураббийлар хато қилдик, деб ўйламайман. Чунки қисман режамиз амалга ошди. Аввало, ютқазмадик. Ўйинчиларга келсак, уларни хато қилди, дейишдан йироқман. Улар яхши ўйин кўрсатишди.
- Ўйин давомида асосан сиз майдон четида кўрсатма бериб турдингиз. Жамоада бош мураббий ўзгардими?
- Дилявер акани озгина мазаси йўқ эди. Ўйинга 3 кун қолганида қўшилди. Унгача мен ёрдам бериб тургандим. Ҳозир биз биргаликда иш олиб боряпмиз.
- Биринчи ва иккинчи даврада “Андижон” иккала ўйинда ҳам ютганди. Бугун дуранг қайд этилди. Олдинги иккита учрашувни бугунги баҳс билан солиштирганда қандай ўзгаришлар кўрдингиз?
- Олдинги ўйинда ҳам “Машъал” ёмон ўйнамаган. Унда мен U-19 жамоасида ишлардим. Ўтган сафарги учрашувда “Машъал” қайсидир жабҳада рақибга ютқазди, демаган бўлардим. Албатта, “Андижон” ҳам олдинги учрашувда яхши ўйин кўрсатган.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар