"Машъал" "Қўқон-1912" учун қулай рақиб...ми? Суперлига йўлидаги плей-офф олдидан

22 ноябрь куни Coca-Cola Суперлиганинг 25-тури бошланади. Шу билан бирга сиз билан бизни яна бир ўйин ҳам кутмоқда. Яъни, Суперлига йўлланмаси учун иккинчи плей-офф ўйинида “Қўқон-1912” Муборакнинг “Машъал” клубига қарши баҳс олиб боради. Бу учрашув Олмалиқдаги стадионда ўтказилади.

15 ноябрь куни “Машъал” дастлабки плей-оффда Қаршидаги “Марказий” стадионда “Шўртан”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, иккинчи босқичга йўл олди. Энди эса про лигада 3-ўринни қўлга киритган “Қўқон-1912” муборакликларнинг навбатдаги рақибига айланади.

Бу жамоалар жорий йилги про лига чемпионатида икки маротаба тўқнаш келишган. Биринчи даврада қўқонликлар ўз майдонида Санъат Шиховнинг ягона голи эвазига уч очкони қўлга киритган бўлса, иккинчи даврада Муборакда бўлиб ўтган баҳсда ҳам ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилган. Бу сафар Анвар Ҳожимирзаевнинг голи “Қўқон-1912”га навбатдаги ғалабани тақдим қилган. Кўриб турганингиздек, чемпионатдаги ҳар иккала учрашувда қўқонликлар “Машъал”ни 1:0 ҳисобида таслим қилган.

шихов

Шунингдек, “Қўқон-1912” ва “Машъал” клубларининг Ўзбекистон чемпионатидаги ўзаро беллашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 16 та баҳсда рўбаро келишган. “Қўқон-1912”да 5 та, “Машъал”да эса 7 та ғалаба бор. Яна 4 та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 19\25 “Машъал” фойдасига.

Лекин статистика шуни кўрсатяптики, “Машъал” клуби охирги пайтларда “Қўқон-1912”ни мағлуб этиш йўлларини топа олмаяпти. Гап шундаки, муборакликлар 2017 йилнинг 16 сентябрь куни Қўқонда 2:4 ҳисобида ғалаба қозонган ва шундан бери “Машъал” ушбу рақибини таслим қила олмасдан келмоқда. Албатта, бугунги учрашув иккала жамоа учун катта аҳамият касб этади. Қўқонликлар бўлажак ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида икки марта “Андижон”га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб бир дуранг ва бир ғалаба қайд этди.

маш шўр_1

Биласиз, ғолиб жамоа Суперлигада 12-ўринни қўлга киритган жамоага қарши сўнгги плей-офф учрашувида майдонга тушади. Яқинда “Қўқон-1912” клуби раҳбари Акромжон Мамадалиев Sports.uz сайтига берган интервьюсида жамоасининг Суперлигага чиқишига қатъий ишонаётганини алоҳида таъкидлагани ёдимизда. Сўнгги учрашувлардан келиб чиқадиган бўлсак, “Машъал” клуби қўқонликлар учун қулай рақибдек кўринмоқда, аммо битта ўйиндан иборат баҳсда ҳамма нарса бўлиши мумкин ва муборакликлар ҳам Суперлига орзусида курашни давом эттирмоқда. Ҳақиқат шуки, Олмалиқдаги учрашувда албатта ғолиб номи аниқланади.

Дарвоқе, учрашувни Аскер Нажафалиев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқаради ва ўйинда VARдан фойдаланилади.

Учрашув расмийлари

Бош ҳакам: Аскер Нажафалиев

Ёрдамчи ҳакамлар: Ислом Азимов, Шерзод Аъзамов

Захира ҳаками: Султонмурод Абдураҳмонов

VAR: Акобирхўжа Шукуруллаев

AVAR: Ришат Нугмонов

Назоратчи: Тимур Абдуллаев

Комиссар: Қудрат Мадраимов

Умид қиламизки, ушбу плей-офф учрашувида ҳакамлар асосий мавзуга айланиб қолишмайди ва ўйин томошабоп тарзда кечади. 

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Dili
22/11/2023 12:21
Хакамларга инсоф Беринг омадлиги ютсин