Машҳур шахматчи Жавоҳир Синдаровни Номзодлар турнирида фаворит деб ҳисоблайди
Америкалик гроссмейстер Ханс Ниманн Хикару Накамурани Номзодлар турнирида фаворит деб ҳисобламайди. Унинг фикрича, Синдаров анча кучлироқ.
Ханс Ниманн Хикару Накамуранинг Номзодлар турнирида муваффақиятли иштирок этиш имкониятларини танқидий баҳолади. Ниманн сўнгги йилларда шахмат оламида ўзининг кескин баёнотлари ва мустақил фикрлари билан танилган.
Ниманннинг фикрича, Накамуранинг керакли партиялар сонини тўплаш мақсадида нисбатан кучсиз, ҳаваскор турнирларда қатнашиши унинг спорт формасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
"Агар Хикару Эмил Сутовский ва ФИДЕ ҳақида гапираётган пайтдаги риторикасига эътибор берсак, у жуда тажовузкор ва кескин оҳангда фикр билдиради. Айрим ифодалари профессионал даражага тўғри келмайди. Унинг уларга бўлган салбий муносабати ҳеч кимга сир эмас. Менинг назаримда, у уларни маълум маънода масхара қилмоқда", — дейди Ниманн.
Унинг таъкидлашича, бу ҳолат жаҳон чемпионлиги каби жиддий мусобақалар нуфузига путур етказиши мумкин.
"Энг муҳим жиҳат шундаки, Хикару бу турнирларда ўйнаш орқали, аслида, ўз даражасини қурбон қилмоқда. Мен унинг Номзодлар турнирида яхши натижа кўрсатишига ишонмайман. Бу — энг ёмон тайёргарлик," — дея қўшимча қилди Ниманн.
Гроссмейстер Накамуранинг сўнгги партияларида ҳам муаммолар кўзга ташланаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Хикару ҳатто кучсизроқ рақибларга қарши ҳам осон ғалабаларга эриша олмаяпти.
"Агар қандайдир мўъжиза юз бермаса ва у қисқа вақт ичида спорт формасини тикламаса, ҳозирча уни фаворит деб бўлмайди. Мен Накамурадан кўра Синдаровни фаворит сифатида кўрсатган бўлардим. Рейтинги жуда юқори бўлса-да, у кўп жиҳатдан шиширилган, деб ҳисоблайман,"— деди Ниманн.
Шунингдек, у Номзодлар турниридаги бошқа асосий даъвогарлар сифатида Фабиано Каруана ва Праггнанандхаа номларини ҳам тилга олди.



Фикрлар