Мбаппе Браим Диасни қўллаб-қувватлади: "Аввало спортчи ҳақида эмас, инсон ҳақида ўйлаш лозим"
"Реал" жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе Африка Кубоги финалида Сенегал дарвозасига пенальтидан фойдалана олмаган Браим Диасни қўллаб-қувватлади.
Финалда Марокаш терма жамоаси қўшимча вақтда Сенегалга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 14-дақиқада Браим пенальтини марказга йўллади, аммо рақиб дарвозабони Эдуар Менди тўпни ушлаб қолди. Пенальти белгиланиши олдидан узоқ тортишувлар бўлиб ўтган, Сенегал жамоаси майдонни тарк этишга ҳам яқин келган эди.
Мбаппенинг сўзларига кўра, у Браимга хабар ёзган, аммо ҳали жавоб олмаган. Шунингдек, у Ашраф Ҳакими билан тун ярмигача телефон орқали суҳбатлашиб, бўлиб ўтган барча воқеалардан хабардор эканини айтди.
"Бу жуда оғир ҳолат. У ҳозир нимани ҳис қилаётганини тушунаман. Мен ҳам бундай вазиятни бошдан кечирганман. Унда ҳозир алам, ғазаб бор. Марокаш халқи бу совринни йиллар давомида кутган эди ва ғалабага жуда яқин келишганди. Аммо футболчилар ҳаёти шунақа. Биз унга ёрдам беришимиз керак. Аввало спортчи ҳақида эмас, инсон ҳақида ўйлаш лозим. У учун бу ҳолат жуда оғир бўлган. Қўллаб-қувватлаш биз учун жуда муҳим", — деди Мбаппе.



Фикрлар