Мбаппе ПСЖдаги янги роли ҳақида гапирди

ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 1-тури доирасида "Ювентус"га қарши ўйиндан сўнг (2:1) жамоадаги янги роли ҳақида гапирди.

Париждаги "Парк де Пренс" стадионида бўлиб ўтган учрашувда 23 ёшли франциялик футболчи дубль қайд этди.

“Менга жамоада янги роль берилган. Мураббий бир вақтнинг ўзида ҳужум марказида бўлишимни, ҳимояга қайтишни ҳамда Месси ва Неймар ўртасидаги боғловчи бўлишимни истайди. Мен ўз ролимга қўлимдан келганича мослашишга ҳаракат қиламан” — дея Мбаппенинг сўзларини келтиради УEФА расмий сайти.

Ҳужумчи жорий мавсум парижликларнинг барча мусобақалар доирасидаги 6 та ўйинда 9 та гол урди. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 1-туридан сўнг ПСЖ 3 очко жамғариб, “H” гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди. “Ювентус” 0 очко билан 3-ўринда бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!