Мбаппе “Реал”дан кутилмаган нарсаларни талаб қила бошлади

“Пари Сен-Жермен”даги фаолиятини якунлаганидан кейин ёзда “Реал”га эркин агент сифатида кўчиб ўтган Килиан Мбаппе Мадрид клубида ҳам ўз стандартларини ўрнатишга урина бошлади.

25 ёшли чарм тўп устаси худди  ПСЖда бўлгани каби “Реал”да ҳам асосий фигура сифатида қатор ваколатларга эга бўлишни истаяпти. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, ПСЖда ҳамма футболчилар Мбаппега ўйнаган. “Реал”да эса, жамоавий ўйин устун туради ва ҳеч бир ўйинчининг майдонда ортиқча ваколати йўқ. Шу боис, Мбаппе бош мураббий Карло Анчелоттининг тактик схемаларидан норози бўляпти.

Аввалроқ, Европа матбуоти Килиан Мбаппе ва бир қатор футболчилар Карло Анчелоттининг “Реал” бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилишини истаётгани ҳақида ёзган эди.

Италиялик мутахассис учрашувларда Мбаппени марказий ҳужумчи ўрнида ўйнатяпти. Франциялик футболчи эса, чап қанот ҳужумчиси ҳисобланади. Мадрид клубида бу позицияни Винисиус Жуниор ўзиники қилиб олганига анча бўлган ва ҳеч кимга ўрнини бўшатиб бермоқчи эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!