Мбаппенинг жароҳати ҳақида маълумот берилди

"Реал Мадрид" клуби ҳужумчи Килиан Мбаппенинг соғлиги борасида расмий баёнот берди.

"Франциялик тиббиёт мутахассислари томонидан, “Реал” тиббий хизмати назорати остида ўтказилган текширувдан сўнг футболчимиз Килиан Мбаппега чап тизза боғламларининг чўзилиши ташхиси қўйилди. Шунингдек, у ҳозирда консерватив даволаниш курсини ўтаётгани тасдиқланди. Унинг ҳолати мунтазам равишда назорат қилинади", — дейилади клубнинг расмий сайтидаги баёнотда.

Аввалроқ Мбаппе тиззадаги чўзилишни даволаш жараёнидан норози экани ва клуб шифокорлари ишидан қониқмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Вазиятдан норози бўлган ҳужумчи ўтган ҳафта клуб рухсати билан Парижга бориб, маҳаллий мутахассислар билан маслаҳатлашган. Шу сабабли у Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги "Бенфика"га қарши жавоб учрашувини ўтказиб юборди.

Ҳозирги даволаш режаси жарроҳлик амалиётидан қочишга қаратилган. Чунки операция уни узоқ муддатга сафдан чиқариши мумкин.

"Реал" футболчининг қачон майдонга қайтиши борасида аниқ муддатларни айтмаяпти, бироқ тикланиш жараёни ижобий кечаётганини таъкидламоқда. Назарий жиҳатдан, у Чемпионлар лигаси 1/8 финалидаги "Манчестер Сити"га қарши баҳсгача соғайиб улгуриши мумкин. Аммо 11 март куни бўлиб ўтадиган биринчи ўйинда майдонга тушиш-тушмаслиги ҳозирча сўроқ остида.

Жорий мавсумда Мбаппе  барча мусобақалар доирасида 33 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урди ва 6 та голли узатма амалга оширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!