Меҳди Тареми Эрон армиясига қўшилишга қарор қилди: "Ҳозир мамлакатим менга энг кўп муҳтож бўлган палла"

Айни пайтда "Олимпиакос" шарафини ҳимоя қилаётган, бунгача "Порту" ва "Интер" каби грандлар шарафини ҳимоя қилган эронлик юлдуз ҳужумчи Меҳди Тареми сўнгги кунлардаги вазият кескинлашганидан кейин армияга кетишга қарор қилган. бу ҳақда Туркиянинг Fanatik интернет портали хабар қилмоқда.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужумларидан сўнг, ҳозирда Грециянинг "Олимпиакос" жамоасида тўп сураётган эронлик тўпурар ўз ватанига қайтиш истагида экани ҳақида хабарлар тарқалди.

Таъкидланишича, 33 ёшли футболчи армияга бориб, можарода иштирок этмоқчи. У клуб раҳбариятига ҳарбий раҳбарият ва қўмондонлар билан бир сафда туриб, қўлига қурол олиб, Эронни ҳимоя қилишни исташини маълум қилган.

Айтилишича, 33 ёшли ҳужумчи ўз қарорида қатъий туриб, яқинларига шундай дейди: "Ҳозир мамлакатим менга энг кўп муҳтож бўлган палла. Менинг халқим ва Ватаним хавф остида, мен у ерда бўлишим керак."

Таремининг қатъийлигига қарамай, Эрон футбол федерацияси мутасаддилари юлдуз футболчини Грецияда қолишга ва профессионал фаолиятини давом эттиришга кўндириш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Таремининг бу қарори футбол оламида катта шов-шувларга сабаб бўлган бўлса-да, манбаларга кўра, у ўз қарорида қатъий турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!