"Мен билмагандим" - "Локомотив" ютган ўйиндан сўнг истеъфога чиқарилган Коростиченко Жепаров ҳақида гапиришни нега истамади?
Жорий чемпионатда бир қатор клубларимизда бош мураббийлар ўзгартирилди. Қизиғи, бу ҳол ҳамон давом этяпти. Охирги истеъфо “Локомотив”да юз берган бўлиб, унда Денис Коростиченко эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Билсангиз керак, Денис Владимирович жорий йил бошида “Локомотив” клубига бош мураббий этиб тайинланганди. Бу унинг Суперлигада бош мураббий сифатидаги дебют мавсуми эди. Аммо “темирйўлчилар” билан мавсумни охиригача етказиб қўйиш унга насиб қилмайдиган бўлди. Аввало, Коростиченко истеъфога чиқариб юборилиши юзасидан сайтимиз мухбирига ўз фикрини билдирар экан, бу ҳақида билмаганини айтди.
"Мен билмагандим. Айтишим керакки, бу ҳолат кутилмаганда юз берди. “Насаф”га қарши ўйинга тайёргарлик кўраётгандик. Шу жараён давом этаётган бир пайтда кутилмаган вазиятда менга истеъфо ҳақидаги қарорни айтишди", - дейди, “Локо”нинг собиқ бош мураббийи.
“Локомотив” Коростиченко бошчилигида чемпионатда 16 та ўйинда 5 та ғалаба, 2 та дуранг ва 9 та мағлубият қайд этди. Ҳисобида 17 очко билан мусобақа жадвалида 10-поғонада турибди. Балки клуб раҳбариятини ушбу натижалар умуман қониқтирмагандир. Аслида ёдингизда бўлса, биринчи даврадан кейин ҳам “Локомотив”да бош мураббий ўзгариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо раҳбарият иккинчи даврада ҳам Коростиченкога яна ишонч билдиришга қарор қилдилар. Шунингдек, “Локо”да узоқ вақтли ғалабасиз серия ҳам қайд этилмаётганди. Ҳар қалай иккинчи даврани клуб ғалаба билан бошлагани ёдимизда. Қизиқ, Коростиченко мураббий сифатида иш жараёнида қаерда хатога йўл қўйди экан? Бу масалага унинг ўзи шундай деди:
"Ўйлашимча, мураббий сифатидаги фалсафамни жамоа ўйинига сингдиришга татбиқ этишга уринганим, чиройли ва тўғри футбол намойиш этишга ҳаракат қилган чоғимда адашдим. Лекин бунга кўп вақт кетади. Суперлигада эса натижа доим керак. Эҳтимол, натижалар кўрсатишим керакдир. Шу ҳолатда мен қаердадир адашдим".
Яна бир қизиқ вазият шундаки, Денис Коростиченко жамоаси билан ғалаба қозонганидан кейин истеъфога чиқариб юборилди. Одатда, клуб салбий натижалар кўрсатаётганда, кетма-кет мағлубиятларга учраётган маҳалда вазиятни ўзгартириш учун бош мураббий ўзгартирилади. “Локомотив” клуби Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги 1\8 финалида “Бунёдкор”ни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, мусобақадан чиқариб юборганди. Лекин бу ғалаба ҳам Коростиченкони истеъфодан сақлаб қола олмади.
"Билмадим, эҳтимол юқоридаги раҳбарият мени бундан буёғига натижа кўрсата олмайди, деган хулосага келишгандир, - дея бу вазиятга муносабат билдирди", Денис Владимирович.
Раҳбарият барибир бош мураббийни ўзгартирди. Энди Сервер Жепаров “Локомотив”да ушбу лавозимда ишга киришди. Коростиченкодан Жепаров клубда иш бошлаган чоғида кейинчалик ўрнига бош мураббий бўлишини билармидингиз, дея сўраганимизда у бу борада нимадир билишини, аммо айтишни хоҳламаслигини маълум қилди. Сўзининг охирида кейинги режаси ҳақида қисқача гапирди.
"Бир-икки ҳафта дам оламан. Кейин қарор қабул қиламан. Шу билан бирга клублардан таклифларни кутаман. Кўрамиз, клублар менга қанчалик қизиқиш билдиришаркин?"
Фикрлар