Мен сизларни назорат қиламан! Гвардиола ўйинчиларга катта масъулият юклаб кетди
“Манчестер Сити”даги 10 йиллик фаолиятидан сўнг Хосеп Гвардиола ҳиссиётли хайрлашув нутқи билан чиқиш қилди.
Испаниялик мутахассис АПЛ 38-тури доирасида “Астон Вилла”га қарши кечган ва 1:2 ҳисобида якунланган ўйиндан кейин барча билан хайрлашди.
- Мен ҳеч қачон бу қадар меҳр ва муҳаббатга сазовор бўлишимни тасаввур ҳам қилмагандим. 10 йил давомида сизларнинг мураббийингиз бўлиш мен учун улкан шараф бўлди. Ҳозир жуда катта ҳиссиётларни бошдан кечиряпман.
Бугун трибунада 95 ёшли отам ўтирибди – бу ажойиб! Балки у ҳозир ҳаммасини тўлиқ англамаётгандир, аммо ишонаманки, йиллар ўтиб шу гўзал трибуналардан бирига оиламизнинг номи берилади. Бу мен учун катта шараф.
Футболчилар буни билишмайди, лекин мен ўша трибунада бўламан ва уларни кузатиб тураман! Улар бу даражани сақлаб қолиш учун курашишлари керак ва бунга масъулдирлар. Умид қиламанки, улар охиригача жанг қилишади. Бу – менинг уйим, - деди Хосеп Гвардиола.
55 ёшли Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити”даги 10 йиллик фаолияти давомида клуб билан 20 та соврин ютди. Улар орасида Англия чемпионатидаги олтита ғалаба (2017/18, 2018/19, 2020/21, 2021/22, 2022/23 ва 2023/24 мавсумлари), шунингдек, 2023 йилдаги УЕФА Чемпионлар лигаси бош соврини ҳам бор.

Фикрлар