"Мен учун ажойиб трамплин бўлади, бу ерда бошқа ўзбекистонлик футболчи йўқ, фақат ўзимман" - легионеримиз Европада ўйнайди
Хорижда доим ўзбек ўйинчиларига қизиқиш бўлиб келган. Натижада кимдир кутилмаган мамлакатга кетиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Худди шу ҳолат иқтидорли футболчи Маликшоҳ Расулов билан кузатилди. Бу ҳужумчи ўтган мавсумни про лигада “Андижон” сафида ўтказди ва 19 та учрашувда 2 та гол муаллифи бўлган.
24 ёшли футболчи чемпионат якунлангач, “Андижон” билан хайрлашди ва эндиликда фаолиятида олдинга қадам ташлаган ҳолда легионерга айланди. Айтиш лозимки, бу кутилмаган янгилик бўлди. Расуловни яна ўзимизни чемпионатда тўп суришини кутгандик. Аммо футболчи Грузия чемпионатига йўл олди. У ерда “Колхетти хоби” жамоасининг янги аъзосига айланди. Бу клуб иккинчи дивизионда (бизнинг про лига каби) иштирок этади. Расулов легионерга айлангач, Sports.uz сайти учун интервью берди.
- Ўтган йили “Андижон” сафида тўп сурганингизни биламиз. Бу йил эса Грузия чемпионатига кетдингиз. Аслида четга кетишга тайёрланаётганмидингиз ёки сиз учун барчаси кутилмаганда содир бўлдими?
- Албатта, хорижга кетишга ниятим бор эди. Аммо айнан бу йил четга йўл олишимни билмагандим, кутмагандим. “Андижон” мен учун ўтган йили яхши трамплин бўлди, деб ўйлайман. Чунки про лига ғолиби бўлдик ва чемпионатни ҳам яхши ўтказдик. Шу ўринда "Андижон" раҳбариятига ва мухлисларига миннатдорчилик билдираман.
- Грузиядан илк таклиф қачон бўлди? У ерга йўл олишга иккиланмадингизми?
- Грузияга кетишимга агентлар сабаб бўлди. Уларга катта раҳмат айтаман. Грузия жамоасига ҳужумчи керак эди. У ерда чемпионат ҳам бошланди. Агентларим улар билан гаплашишган экан, ўйинларимни кўриб ёқтириб қолишган. Шунда агентлар менга Грузияга борасанми деб сўрашди. Албатта, яхши чемпионат ва бу Европа футболи. 2-3 кундан сўнг грузияликлар менга билет жўнатишди. Дарҳол кетдим.
- Янги клубда қандай кутиб олишди? Дастлабки таассуротларингиз қанақа?
- Келганимда мени зўр кутиб олишди. Одамлари ҳам жуда яхши. Худди бир оиладек. Ўтган йили “Андижон”да тўп сурганимда биз ҳам худди бир оиладек эдик. Грузияда ҳам шуниси менга ёқиб қолди.
- Айтинг-чи, янги мамлакат ва янги чемпионатга кетишингиз сиз учун таваккалчилик эмасми? Умуман, ким билан маслаҳатлашдингиз? Легионер сифатида тўп суришга тайёрмисиз?
- Кетишим аниқ бўлганида биринчи навбатда оила-аъзоларим билан маслаҳатлашдим. Сўнг агентлар билан гаплашдим. Мени тайёр эканимга ишонишди. Биламанки, Европада ўйнаб кетиш учун менга яхши имконият. Грузия – яхши чемпионат. Ўз кучимни кўрсатишга тайёрман.
- Янги жамоангиз олдига қўйилган мақсад қандай?
- “Колхетти хоби” Еровнули лига 2 да иштирок этади. Мақсади албатта яхши натижалар кўрсатиш ва юқори дивизионга чиқиш. Мен бу йўлда ёрдам бермоқчиман.
- Клуб билан қанча муддатга шартнома туздингиз ва у ерда легионер сифатидаги асосий мақсадингиз қандай?
- Бир йилга шартнома туздим. Чемпионат март ойида бошланди. Грузияга келишим мен учун ажойиб трамплин бўлади, деб ўйлайман. Ўз устимда жиддий ишлайман ва ҳаракат қиламан.
- Дебютингизни ўтказдингизми? Қайси рақамни танладингиз?
- Ҳали дебют қилмадим. Чунки хужжатларим тайёр эмасди. Мана, энди барчаси тайёр бўлди. Худо хоҳласа, 7 апрель куни дебют қиламан. Янги клубимда 15-рақамда ўйнайман.
- Клубингизда нечта легионер бор?
- Клубимда легионер фақат ўзим. Чунки улар қолган легионерларни заявка қилишга улгуришмади. Грузия чемпионатида бошқа ўзбекистонлик футболчилар йўқ, фақат ўзимман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар