"Металлург" - АГМК ўйини олдидан билишингиз керак бўлган маълумотлар
Бугун Бекобод шаҳрида мамлакат XXXI миллий чемпионати – Coca Cola Суперлиганинг байроқлари кўтарилади. “Металлург” 1-турда Олмалиқнинг АГМК жамоасини қабул қилади. Мазкур учрашув бекобдликлар учун кучлилар сафидаги 695-ўйинга айланади.
Ортда қолган 694 учрашувнинг 232 тасини “Металлург” ўз фойдасига ҳал этган. 140 та учрашувда рақиблар билан муросага имзо чеккан. 322 ўйинда эса имкониятни бой берган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 850:1058.
“Металлург”нинг кучлилар сафидаги энг йирик ғалабаси – 6:0 (2001 йил – “Семурғ”, 2006 йил – “Хоразм”, 2016 йил – “Машъал”). Энг йирик мағлубияти – 0:7 (2003 йил – “Навбаҳор”, 2004 йил – “Насаф”). Жамоа тўпурари Зоҳид Абдуллаев. “Геннадий Красницкий клуби аъзоси”га айланган Зоҳид Абдуллаевнинг мамлакат чемпионати ва Кубоги баҳсларида киритган жами голлари сони 112 та.
Энди бевосита клубларнинг ўзаро ўйинлар статистикасига қарайдиган бўлсак, шу кунга қадар “Металлург” ҳамда АГМК 28 маротаба майдонда тўқнаш келишган. Бирортасида катта устунлик йўқ. “Металлург”да 12, АГМКда 13 та ғалаба бор. 3 та ўйин дуранг кузатилган.
Ўтган йилги тўқнашувларда АГМК Олмалиқда ҳам, Бекободда ҳам ғолиб чиққан. Тўплар нисбати бўйича “Металлург” 47 та гол урган, АГМК эса 50. 28 та учрашув мобайнида ҳали бирор марта йирик ҳисоб қайд этилмаган.
Фикрлар