"Металлург" - "Андижон" баҳсида кучлар тенг келди. Ғалабага ким ҳақлироқ эди?

“Андижон” Ўзбекистон Кубогидаги ғалабадан кейинги дастлабки ўйинини сафарда “Металлург” жамоасига қарши ўтказди. Доимгидек “Андижон” фан-клуби жамоасини ёлғизлатиб қўймади ва кўплаб ишқибозлар гуруҳи ОКМК стадионига келиб “Бургутлар”ни фаол тарзда қўллаб-қувватладилар. Айтиш лозимки, “Андижон” мухлислари “Металлург” ишқибозларидан кўпчиликни ташкил этди. Бундан ташқари, “Андижон” фан-клуби мухлислик қилиш борасида ўзига хос мастер-класс ҳам ўтказди.

Биласиз, “Металлург” охирги ўринда ва бу жамоа лигада жон сақлаб қолиш учун курашяпти. Шу нуқтани назардан олиб қараганда, беллашув осон ўтмаслиги олдиндан маълум эди. Лекин ўз олдига фақат ва фақат ғалаба қозониш мақсадини қўйган “Андижон” ҳам номинал мезбон ҳисобланган “Металлург”га жиддий қаршилик кўрсатди.

Бутун ўйинни оладиган бўлсак, “Бургутлар”да голга тортадиган имкониятлар кўпроқ бўлди. Биринчи бўлимда Рустам Турдимуродовнинг жарима майдони ичида боши билан йўллаган зарбаси шундоққина дарвоза ёнгинасидан ўтиб кетди. Бўлим охирларида ҳам Хомяков жамоасида яна вазиятлар содир бўлди. Шунингдек, “Металлург” сардори Забиҳилло Ўринбоевнинг бир вазиятда йўллаган зарбаси тўсинга тегиб қайтди.

 Танаффусдан кейин ҳам жамоалар эҳтиёткорлик ҳаракат қилдилар. Лекин голли вазиятларни яратиш борасида “Андижон” бир мунча фаолроқ бўлди. Фақат улардан фойдаланишда бироз омад етишмади, холос. Масалан, Рустам Турдимуродовнинг жарима майдони ичида йўллаган зарбаси устунга тегиб қайтди. Учрашув охирларида ташаббусга эга бўлган “Андижон” футболчилари кетма-кет хавфли ҳужумларни содир этдилар. Футболчилар рақиб дарвозаси томон хавфли зарбаларни йўлладилар. Бироқ якунда барибир дарвозалар дахлсиз қолди. Натижада иккала жамоа бир очкодан бўлишиб олди.

“Металлург” – “Андижон” – 0:0.

19 октябрь. Олмалиқ. ОКМК стадиони. 589 томошабин.

Ҳакамлар: Ғайрат Жўраев, Руслан Самандаров, Амал Султонов.

Захира ҳаками: Умид Раҳимжонов

ВАР: Иброҳим Исмоилов

АВАР: Никита Мустафин

Назоратчи: Файзулло Ҳасанов

Комиссар: Ферузбек Ғаниев

“Металлург”: Раҳим Давронов, Одил Абдумажидов, Керим Палич, Олександр Кучеренко, Худойшукур Сатторов (Искандар Шойқулов, 83), Даврон Ҳошимов, Марко Миличкович, Асадбек Собиржонов (Шахзод Убайдуллаев, 90+1), Азизбек Пирмуҳаммадов, Шахзод Неъматжонов (Далер Шарипов, 72), Забиҳилло Ўринбоев.

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов (Любиша Пецель, 46), Владимир Бубанья, Муҳаммадкарим Тоиров, Сардор Азимов (Илҳом Алижонов, 90+2), Фарҳод Бекмуратов (Фарҳод Соҳибжонов, 78), Илҳом Абдуғаниев (Дамир Темиров, 59), Бектемир Абдуманнонов, Рустам Турдимуродов (Лука Згурский, 90+2).

Огоҳлантиришлар: Искандар Шойқулов, 90+6 – Владимир Бубанья, 49. Илдар Маматказин, 69. Фарҳод Соҳибжонов, 79. Бектемир Абдуманнонов, 90+3.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!