"Металлург" 4 нафар футболчи билан шартнома имзолади. Улардан учтаси легионер
Мамлакат XXXIII миллий чемпионати арафасида Бекободнинг "Металлург" жамоаси ўз таркибини кучайтиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Қишки трансфер ойнаси очилиши ҳамон клуб раҳбарияти тўрт нафар футболчи билан келишувга эришди. Улардан уч нафари хорижлик, бир нафари эса Ўзбекистон футболчидир.
Суперлига-2023 мавсуми якунида "Металлург" жамоаси билан шартнома муддатини яна уч йилга узайтирган бош мураббий Веско Стешевич икки нафар ҳамюртини Бекобод клубида ўйнашга кўндирди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳужумкор футболчилар эканлиги эътиборга молик. Ўтган мавсумни Литванинг "Жальгирис" (Вильнюс) жамоасида ўтказган Марко Миличкович марказий ҳужумчи амплуасида кўпроқ майдонга тушади. Черногриянинг "Арсенал" клубидан келаётган Бобан Джорджевич эса кўпроқ ҳужум ортида ўйнайди. Жамоанинг ҳужумларини ташкил этиш ва имкон туғилиши ҳамон бошланган комбинацияни якунлашни хуш кўрадиган Бобан "Металлург"нинг олдинги чизиғини кучайтириши кутиляпти.
"Металлург", шунингдек, ўзбек футбол ишқибозларига яхши таниш бўлган ярим ҳимоячи Сирожиддин Қўзиев билан ҳам келишувга эришди. "Насаф", "Машъал", "Нефтчи" клубларида ўйнаган Сирожиддин Қўзиев ўтган йили Малайзияга йўл олган ва "Кучинг" жамоасига ўтганди. У мазкур клуб билан биргаликда Малайзия чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. Кейинги йилдан эътиборан эса яна Суперлигага қайтишга қарор қилган Қўзиев "Металлург"дан тушган таклифга розилик билдирди.
Бекободликларнинг ҳимоя чизиғида эса тажрибали Давронжон Эргашев пайдо бўлаяпти. "Бунёдкор" билан шартномаси тугаб, эркин агентга айланган Тожикистонлик футболчи ҳам фаолиятини "Металлург" билан боғлашга қарор қилди. Шунинг баробарида бекободликлар легионер ўйинчилар лимитидан тўлиқ фойдаланиб бўлишганини ҳам қайд этиш лозим.
Фикрлар