"Металлург" бош директори: "Колосовскийнинг келишига Бабаяннинг алоқаси йўқ"
Кеча “Металлург” клубига кутилганидек Григорий Колосовский расман бош мураббий этиб тайинланди. Бу тайинлов борасида ҳар ким ўз фикрини, муносабатини билдирмоқда. Муҳими, энди “Металлург”да бош мураббий бор. Кутилган ушбу тайинловдан кейин Sports.uz журналисти клуб бош директори Шавкат Саидов билан суҳбатлашди.
- Ниҳоят, “Металлург” клубига кутилган бош мураббий тайинланди. Нима учун айнан Колосовский вариантига тўхталдинглар? Бу барчани қизиқтиряпти.
- Колосовскийдан олдин 3 та йўналиш бўйича жами 9-10 нафар мутахассиснинг шорт-листи тузилиб, раҳбариятга тақдим этилганди. Масалан, биринчи вариантда ҳойимизнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ёш мутахассислар билан ишни давом эттириш, иккинчи вариантда эса ёшлар билан ишлай оладиган мураббий, бундан ташқари учинчи вариантда номдор, таниқли мураббийларнинг номзодлари ҳам тақдим қилинди. Узоқ ўрганиб чиқилди. Раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда бугунги имкониятдан келиб чиқиб, иккинчи даврага кам вақт қолганини инобатга олиб, ўзимизни маҳаллий мураббийларга имконият берилди. ОКМКдан Аъзам Шерғозиев ва Мухтор Қурбонов билан бирга ишлаш ниятимиз ҳам бор эди. Колосовскийни улардан имконияти баланд бўлганининг сабаби шуки, бир неча йиллардан бери узлуксиз равишда фаол иш фаолияти билан банд. Шу билан бирга унда халқаро тажриба ҳам бор. Юқори мақсад қўйилган клубларда у биринчи ассистент бўлиб ишлаган. Малакаси, билими, халқаро тажрибага ҳам эга бўлгани ва ўртада иш фаолиятида узилиш бўлмаганини ҳисобга олиб, ушбу мураббий номзодида тўхтадик. Ёшлар ва катталар билан ҳам ишлаш имкониятига эга бўлган. Бу ерда ҳам унга бир имконият-да. Клубни Суперлигада олиб қолса, яна ишлашда давом этаверади.
- Қанча муддатга шартнома имзоланди?
- Йил охиригача.
- Григорий Колосовский ҳар доим Самвел Бабаяннинг мураббийлар штабида ишлаб келган. Шу фактор туфайли унинг “Металлург”да иш бошлагани бежиз эмас, тез орада Бабаян ҳам Бекобод клубида кўриниш беради, деган гап-сўзлар авж олди. Колосовскийнинг жамоада иш бошлаганида Бабаяннинг роли қанчалик?
- Икки ой олдин ижтимоий тармоқларда шунақа хабар тарқалди. Ўтган сафарги интервьюимда сизга бу ассоссиз хабарлигини айтиб ўтгандим. Бу сафар ҳам айтаман. Яна қайтараман: агар бундай мураббийлар келса жамоада ўз-ўзидан юқори мақсадлар бўлади. Балки янги тарих очилиши мумкин. Бундай мутахассис келса хурсанд бўламиз. Лекин Колосовскийнинг келиши умуман Бабаян билан боғлиқ эмас. Чунки Самвел Вячеславовичнинг “Навбаҳор”дан кетиши ҳамма учун кутилмаган ҳол бўлди. Негаки, наманганликларни чемпионлик учун имконияти ҳали йўқолгани йўқ. Бизга Колосовскийни таклиф қилиш ҳам бир мунча мураккаброқ кечди. Боиси, алоқага чиққанимизда ҳали “Навбаҳор” раҳбарияти мураббийни қўйиб юбормаганди. Бу бизга ноқулайлик туғдирди. Икки ҳафта давомида янги бош мураббий номини эълон қила олмадик. “Навбаҳор” ҳам уни қўйиб юбормоқчи эмасди. Уни жамоамизга келишига Бабаянни алоқаси йўқ. Буни бемалол 100 фоиз айта оламан. Бу гапимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз. Мабодо, “Металлург” олдига жиддий вазифалар қўйилиб, мотивация бундан ҳам юқори бўлса, Самвел Бабаян келадими ёки бошқасими, ҳамиша эшигимиз очиқ. Янги тарих ёзишга тайёрмиз. Қачондир шундай бўлишини ўзимиз ҳам орзу қилиб юрибмиз.
- “Металлург”да мураббийлар штаби қандай кўринишда бўлади?
- Бош мураббий Колосовский, катта мураббий Илёс Қурбонов, дарвоазбонлар мураббийи Павел Синельников, шунингдек, Нозим Эсанов ҳам бор. Таҳлилчи мураббийимиз ҳам бор. Ҳаммаси жой-жойида. Тайменцев келган. У бош мураббийга ёрдам беради.
- Таркибдаги ўзгаришлар ҳам қизиқтиряпти. Легионерлар ва яна айрим ўйинчилар кетганини эшитдик. Бу борада клубдаги охирги ўзгаришлар ҳақида маълумот бера оласизми?
- Тўғри, шу бугунги кунгача уч нафар легионер билан хайрлашдик. Жоржевич, Яздандўст ва Даврон Эргашев. Шунингдек, Эргаш Исмоилов билан дўстона хайрлашдик. Жамоамизга иқтидорли ҳимоячи Одил Абдумажидовни қайтардик. У “Динамо”га ижарага берилганди. Ҳозирча таркибимизда. Аммо унга яхши таклифлар бўлиши қолиши ҳам мумкин. Яна бир ҳимоячи кутяпмиз. “Пахтакор”дан ижарага Аббос Эргашбоевни олдик. Умумий ҳисобда 3 та янги ўйинчиларни кутяпмиз. Шартнома имзоласак хабар берамиз. Ҳамма жамоа каби биз ҳам камчиликларимизни таҳлил қилдик. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғини кучайтирмоқчимиз. Биринчи даврада ўйин бўйича фақат “Олимпик”га ютқаздик. Ўшанда чиндан ҳам рақиб охиригача биздан бир калла кучли ўйнаганди. “Динамо”га қарши иккинчи бўлимда ҳам шундай бўлганди. Қолган учрашувларнинг бирортасида ўйин бўйича ютқазганимиз йўқ. Ҳужумда яққол оқсаётганимиз кўриниб қолди. Шу боис ҳар бир чизиққа янги қон қуймоқчимиз. Мана, янги мураббийларни олиб келдик. Балки ўз майдонимизда ўйнаганимизда ҳозир очколаримиз кўпроқ бўларди. Барибир бу ҳам катта фактор. Олдинги йиллардаги статистикани қарасак ўз уйимиздаги учрашувларга 3-4 минг мухлис келётганди. Уларни ёрдами жуда муҳим ва бу нарса етишмаётгани бизга билиняпти. Аммо талаб ҳамма учун бир хил. Ўз уйимизда ўйнасак ишқибозлар 12-ўйинчи сифатида бизга ёрдам беришади.
- Бекободдаги стадионда ишлар қандай кетяпти?
- Барча ҳужжатлар тайёрланган. Фақат рухсат бериш қолган холос.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар