"Металлург" бош мураббийи: "Бунақаси бўлиб туради"
"Металлург" – "Сурхон" (0:0) баҳсидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Луисма Эрнандес қатнашди.
- Икки кун узлуксиз ёққан ёмғирдан кейин майдоннинг ҳолати футболчиларимизга қўшимча қийинчилик туғдирди. Бундан ташқари, бугунги кучли шамол ҳам муаммога айланди. Умуман олганда, икки жамоа ҳам яхши ўйин кўрсатди, деб ўйлайман.
- Офсайд туфайли инобатга олинмаган гол ҳақида қандай фикрдасиз?
- Гол урган футболчи билан гаплашганимда у ичкаридан чиқиб келганлигини таъкидлади, офсайдда бўлмаганини айтди. Бугун ВАР йўқлиги панд берди. Агар тизим бўлганида барчасига ойдинлик киритилган бўларди. Менимча, ўйиндан ташқари ҳолат йўқ эди.
- Шоҳназар Норбековнинг ўйиндан олдин чигилёзди машғулотлар пайтида жароҳат олиши олдиндан ўйланган режаларингизни ўзгартириб юбордими?
- Бу – футбол. Бунақаси бўлиб туради. Албатта, унинг жароҳати режаларамиз ўзгаришига олиб келди. Унинг ўрнига майдонга тушган футболчи чигил ёзди машқларда иштирок этмагани чакки бўлди. Ёдингизда бўлса, биринчи турда Аббос Отахонов еттинчи дақиқадан кейин жароҳат олиб, майдонни тарк этганди. Натижада режаларимизга ўзгартириш киритишимизга тўғри келганди. Мураббийлар штабида ҳамиша қўшимча режалар тайёр туриши керак.
- "Металлург" жамоаси бу мавсум легионерларни жалб қилмади. Бу борада нима дея оласиз?
- Ўтган йил якунида ушбу мавсум учун режалар тузилаётганда клуб раҳбарияти томонидан маҳаллий футболчиларга таяниб, жамоани шакллантириш таклифи ўртага ташланганди. Бу таклиф менга ҳам маъқул бўлди. Клуб шу режа асосида фаолият олиб бормоқда.
- Асосий жамоага футболчиларни жалб қилиш мақсадида U-21 жамоаси ўйинларини кузатиб боряпсизми?
- Албатта, нафақат U-21 жамоаси, балки U-19 учрашувларини ҳам кузатиб боряпман. Вагин ва Неъматжонов каби футболчиларимиз уларнинг таркибида майдонга тушишяпти. Ўйлайманки, улар – "Металлург"нинг келажаги. Ҳозирги кунда клубимиз нафақат асосий жамоа, балки "Металлург" қошида очилган академия билан доимий тарзда баҳамжиҳат иш олиб боряпмиз. Хусусан, шу кунларда академиямизга танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида “Реал” (Мадрид)дан бир мутахассис дўстимиз келган. Унинг ташрифи ҳам фойдали бўлишига аминман.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар