"Металлург" футболчилари тиббий кўрикдан ўтди. Бугун яна бир ўйин бор!
Мамлакат миллий чемпионати – Coca Cola Суперлиганинг иккинчи давра ўйинлари олдидан Бекободнинг “Металлург” жамоаси футболчилари тиббий кўрикдан ўтишди. Жамоа аъзоларининг барчаси соғ-саломат.
Биринчи давранинг охирги турларини жароҳат боис ўтказиб юборган ўйинчилар сафга қайтишди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибида ёшлар ўртасидаги Осиё Кубоги финал босқичида жароҳат олган Иброҳим Ибрагимов ҳам жарроҳлик амалиётидан сўнг умумий машғулотларга қўшилди.
Таркибни сезиларли равишда ёшартириб олган “Металлург” чемпионатнинг ҳал қилувчи даврасига қизғин ҳозирлик кўраяпти. Давралар оралиғида мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигидан ташқари ўйин амалиётига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Про-лига пешқадамларидан бири “Андижон” (4:1), Тожикистон Республикасининг ОФК Кубоги мусобақаси плей-оффига чиққан клуби – “Хўжанд” (5:1) жамоалари билан кўрик назорат учрашувлари ўтказилди. Бугун Тошкент вилояти дербиси олдидан сўнгги ўртоқлик учрашуви ташкиллаштирилади. Бекободга Про лига вакили – “Зомин” жамоаси ташриф буюради.
Фикрлар