“Металлург” клубининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Жамоага янги бош директор тайинланди

“El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академияси мажлислар залида “Металлург” профессионал футбол клубининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Металлург” ПФК вице-президенти Дилшод Аҳмедов иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Дилшод Турсунқулович клуб бош директорлигига Шавкат Саидов номзоди тасдиқланганлигини эълон қилди. Бунгача ушбу вазифани бажариб келган Роман Черниковга миннатдорлик билдирилиб, эндиликда у спорт директори лавозимига ўтказилганлиги маълум қилинди.

Йиғилишнинг иккинчи қисми “Металлург” ПФК қошида фаолият юритаётган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академияси фаолиятига бағишланди.

“Металлург” ПФК вице-президенти Дилшод Аҳмедов энг иқтидорли, илғор ўқувчиларни рағбатлантириб бориш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Дилшод Турсунқулович шу йилнинг қишидаёқ иккинчи чоракдан сўнг энг намунали ва аълочи тарбияланувчиларни Москва шаҳрига – етакчи футбол клублари академияларига сафарга жўнатиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, клуб раҳбари ҳар йили Мадридга 50 нафар тарбияланувчини – “Реал” футбол академиясига малака оширишга юбориш муддатига ўзгартириш киритиш масаласини кўтарди. Келгуси мавсумдан эътиборан Испания сафари баҳор фаслида ўтказилишига келишиб олинди.

Йиғилиш сўнгида “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академиясига Испаниядан келган янги – УЕФА про лицензиясига эга мутахассислар таништирилди. Координатор Хесус Де Ла Торрэ Куадрадо, йўриқчи ёрдамчиси Хулиан Мехиас ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Давид Эрасларга янги коллективга тез киришиб кетиш ва иқтидорли футболчиларни тарбиялашдек масъулиятли вазифани бажаришда омад ва муваффақият тиланди.

Шунинг билан “Металлург” ПФКнинг кенгайтирилган йиғилиши ўз ишини якунлади.

 

Манба: "Металлург" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!