"Металлург" назорат ўйинида чемпионга ютқазди

ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган бўшлиқни тўлдириш мақсадида “Металлург” жамоаси чемпионат пешқадами “Пахтакор” майдонида мезбонларга қарши назорат учрашувини ўтказди.

Бекободликлар бош мураббийи Веско Стешевич биринчи таймда чемпионат давомида ўйин амалиётига кам эга бўлаётган футболчиларни майдонга туширди. Биринчи бўлимда мезбонлар иккита вазиятдан унумли фойдаланиб, гол киритишди. Даставвал бурчакдан узатиб берилган тўпни Метю Стинворден боши билан уриб, дарвоза тўрига туширган бўлса, иккинчи гол польшалик ҳужумчи Пшемислав Банашакнинг маҳорати маҳсули бўлди.

Иккинчи таймда “Металлург” таркибида бир қатор ўзгаришлар бўлди. Асосий таркиб футболчилари майдонга тушгач, бекободликлар ўйинида кескин ўзгариш сезилди. Майдон эгалари дарвозаси ёнида кетма-кет голли вазиятлар яратилди. Шундай ҳужумлардан бирини Аброр Тошқўзиев голга айлантирди ва ҳисобни қисқартирди.

Учрашув охирида Шаҳзод Убайдуллаев ҳамда Сардор Абдураимовларда ҳам гол уриш учун яққол вазиятлар бўлди. Аммо биринчи ҳолатда майдон эгалари посбони ишончли ўйнаган бўлса, иккинчи вазиятда “Металлург” ярим ҳимоячисининг зарбасига бироз аниқлик етишмади.

Ушбу назорат учрашувидан кейин футболчиларга бир кунлик дам берилди. Душанбадан йиғин Бекободдаги қароргоҳда давом эттирилади.

Назорат учрашуви
“Пахтакор” – “Металлург” – 2:1 (2:0). Тошкент. “Пахтакор” марказий стадиони.
Ҳакамлар: Р.Лутфуллин, С.Шоюсупов, А.Усмонов.
Голлар: М.Стинворден, П.Банашак, А.Тошқўзиев.
«Пахтакор»: П.Павлюченко, Ш.Аъзамов, Д.Турсунов, Д.Саитов, М.Стинворден, Ш.Азмиддинов, С.Поёнов, М.Усмонов, Д.Ҳамдамов, С.Собирхўжаев, П.Банашак.

«Металлург»: А.Лобанов (А.Ортиқов, 46), Э.Исмоилов, Д.Махини (Р.Яздандўст, 46), Х.Сатторов, М.Алиқулов (Ш.Ғофурбеков, 46), Б.Шодмонов, А.Хайруллаев (К.Палич, 46), Ҳ.Ғофуров (С.Абдураимов, 46), М.Иброҳимов (А.Тошқўзиев, 46), Д.Темиров (И.Шайқулов, 46), Д.Шарипов (Ш.Убайдуллаев, 46).

"Металлург" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!