"Металлург" устози: Аднан Ораховац ва Ихтиёр Тошпўлатовнинг қолишини хоҳлагандим, начора...
Хабарингиз бор, 1 мартдан Суперлига-2018 старт олади. Биз янги мавсум аввалидан мутахассисларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Бекободнинг “Металлург” клуби бош мураббийи Андрей Шипилов эртадан бошланадиган чемпионат баҳслари ва бошқалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Йиғин борасидаги фикрингиз?
- “Металлург” футбол клуби бошқарувини январь ойи арафасида қабул қилиб олдим. Мана қарийб икки ойдирки жамоани янги мавсумга ҳозирлаяпмиз. Режадаги ишларнинг 80-90 фоизини амалга оширдик деб ўйлайман.
Таркибдан кўнглингиз тўлдими?
- Албатта, ҳамиша янада яхшироғини хоҳлайсан. Бироқ юзага келган вазиятдан борига кўнишга мажбур бўласан.
Сиз кимларни кўзлаган эдингиз, лекин сафга қўша олмадингиз?
- Ўзим билган, қўлимда шуғулланган Аднан Ораховацни жамоамизда кўришни истагандим, маълум муддат йиғинимизда қатнашган Ихтиёр Тошпўлатовнинг ҳам қолишини хоҳлагандим, начора...
Суперлигадан нималар кутмоқдасиз?
- Энг яхши, ижобий ўзгаришлар умидидаман. Жамоаларнинг ҳужумкор, томошабоп ўйин кўрсатишини, футболимиз инфратузилмаси сифати ошишини кутаяпман.
Чемпионлик учун кимлар курашади?
- Менимча, “Локомотив”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари курашади, десам янгилик бўлмаса керак.
Бекзод Исаев суҳбатлашди
Фикрлар