"Металлург" устози Қаршидаги дуранг ҳақида: "Тактик жиҳатдан бу мен учун ғалаба" - Эрнандес билан ҳазиллашманг!
“Металлург” мавсумни АГМК устидан эришилган ғалаба билан бошлаганди. 2-турда эса Қаршида “Насаф” билан кечган ўта шиддатли учрашувда бекободликлар ирода кўрсатишди. 80-дақиқада ўз дарвозасидан гол ўтказган “Металлург” ўйин охирларида ажойиб гол билан жавоб қайтарди.
Бекободликлар бу йил анча-мунча жамоага бош оғриғи бўлиши аниқ. Бош мураббий испаниялик Луисма Эрнандес чиндан ҳам жамоани кучайтиришга эришибди. Буни “Насаф” билан ўйин ҳам кўрсатиб берди.
Жамоа ўйинида испаниялик мутахассиснинг имзоси кўриняпти. Ўйиндан кейин Sports.uz мухбири Луисма Эрнандес билан боғланиб, айрим саволларга жавоб олди.
- “Металлург”нинг “Насаф”га қарши ўйини катта таассурот қолдирди. Айтинг-чи, футболчиларингиз сизнинг кўрсатмаларингизни тўлиқ бажара олишдими?
- Ассалому алайкум. Жамоамиз 100 фоиз берилган вазифаларни бажаряпти. Чунки биз мавсумдан олдинги бўлган тайёргарликларда ҳам чемпионатга энг юқори даражада ҳозирлик кўрганмиз.
- “Насаф” 80-дақиқада гол урди. Аммо вақт оз қолганига қарамай, жамоангиз ушбу голга жуда яхши реакция кўрсатди. Стандарт вазиятдаги комбинация шу қадар пухта ишлангандики, бу гол чиндан ҳам ажойиб чиқди. Хўш, ҳаммаси олдиндан ўйланган режа асосида қурилганмиди ёки ўша вазиятда тасодифан юз бердими?
- Биз қанақа натижа кўрсатишимиздан қатъи назар, ютамизми, ютқазамизми ёки дуранг ўйнаймизми, ҳар доим ўйинимизга ишлаб чиққан режа бўйича ҳаракат қиламиз. “Насаф” дарвозасига стандарт вазиятдан урилган жавоб голи эса, ушбу учрашувдаги стандартлар бўйича ишлаб чиққан режаларимиздан бири эди. Табиийки, ушбу режамиз амалга ошганидан ўзим ҳам жуда хурсандман. Нафақат ўйинда, балки машғулотлар жараёнида янгидан-янги стандартлар устида ўйинчиларимизни шуғуллантириб боряпмиз.
- Қаршидаги дурангни “Металлург” учун ғалабага тенглаштирсак бўладими? Яъни, жамоангиз бир очкони қўлга киритдими ёки икки очкосидан маҳрум бўлдими?
- “Насаф” жуда кучли жамоа эди. 80-дақиқада дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Лекин 10 дақиқадан сўнг жавоб голини урдик. Айтишим керакки, тактик жиҳатдан буни мен учун ғалаба, деб биламан.
- 16 март куни “Металлург” ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилади. Биламизки, “Сурхон”ни ҳамюртингиз Анхель Лопес бошқаряпти. Демак, бу икки испаниялик мураббийларнинг тўқнашуви ҳам бўлади. Сиз Лопес ҳақида нималарни биласиз?
- “Сурхон”нинг бош мураббийини шахсан танимайман. Лекин иккимизни ўртамизда умумий танишлигимиз бор. Умуман олганда, клуб ва мураббий ҳақидаги фикрим жуда ҳам ижобий. Ўйиндан кейин ҳам ҳаммаси жуда яхши бўлиб қолишини истаб қоламан.
- “Металлург” олдига аниқ вазифа қўйилдими? Сизнинг ижроингизда қандай жамоани кўришимиз мумкин?
- Асосий мақсадимиз имкон қадар турнир жадвалида энг юқори ўринларни эгаллаш. Мавсумни жуда яхши бошладик. Қолганини ўйинлар кўрсатади. Бизнинг мақсадимиз – ғалаба, ғалаба ва яна ғалаба.
- “Металлург”да ўтган йилги чемпионатнинг охирларидан бош мураббийлик қилиб келяпсиз. Суперлигамиз сиз ўйлаган даражадами?
- Умумий оладиган бўлсак, менинг фикрим ижобий. Майдонларнинг ҳолати ва ҳакамларнинг малакалари ошиб бормоқда. Шунга яраша биз ҳам Суперлигада ўзимизнинг энг яхши ўйинларимизни кўрсатамиз. Клубимизда янги футболчилар шаклланган. Ўз навбатида, ҳозирги Суперлигада ўйнаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун Осиё Чемпионлар лигаси, ОФК Кубоги ва миллий терма жамоада катта имконият бўлади. Шу тарзда чемпионат ўсиб боряпти.
- Чемпионатимиздаги фаворитлар, деб қайси клубларни айта оласиз?
- Ҳозирги кунда “Пахтакор”, “Насаф”, АГМК, “Навбаҳор” жамоаларини фаворит, деб биламан. Футболнинг ривожи учун кўп инвестиция киритаётган клублар ҳам шулар, деб ҳисоблайман.
- Кейинги ўйинларда сизга ва жамоангизга омад тилаймиз.
- Раҳмат.
Фикрлар