"Металлург"да кетма-кет учинчи ғалаба, "Андижон"да эса...
Бу турда “Металлург” клуби номинал мезбон сифатида “Андижон”ни Олмалиқдаги ОКМК стадионида қабул қилди. Сабаби эса Бекободдаги стадион майдон чими янгиланиши туфайли эндиликда улар Олмалиқдаги аренадан фойдаланиб турадилар.
Шунинг натижасида “Металлург” ОКМК стадионида номинал мезбон сифатидаги илк ўйинини ўтказди. Ўтган турда ҳар иккала жамоа ҳам ёқимли ғалабаларни қўлга киритганини яхши биласиз. Александр Хомяков бошчилигидаги “Андижон” меҳмондаги беллашувда ҳам мухлисларини ғалаба билан қувонтиришни асосий мақсад қилиб қўйганди.
Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилган учрашувда “Андижон” “Металлург”ни 5:0 ҳисобида доғда қолдирганди. Бу ҳисоб иккала клубнинг ўзаро учрашувлардаги энг йирик натижаси ҳисобланади.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, иккала клуб ҳам бир-бирига қарши учрашувларни бошқа стадионларда ўтказишига тўғри келди. “Андижон” “Металлург”ни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида кутиб олган бўлса, “Металлург” андижонликларни Олмалиқдаги ОКМК аренасида қарши олди.
Бу сафар ўйин тақдирини иккита гол ҳал қилди ва иккаласи номинал мезбон сифатида ҳаракат қилаётган бекободликлар томонидан киритилди. Аввалига “Андижон”нинг собиқ ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев, танаффусдан кейин эса захирадан майдонга туширилган Далер Шарипов рақиб дарвозасини ишғол қилдилар.
Эътиборлиси, “Металлург” клуби кетма-кет учинчи ўйиндирки ғалабасини қўлга киритмоқда. “Андижон”ни эса учта ўйиндаги мағлубиятсиз сериясига барҳам берилди. Аслида меҳмонлар мағлубиятга учрамаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ Рубин Хебай, Шаҳбоз Эркинов каби ҳужумчилар ўз имкониятларидан фойдалана олмадилар. Масалан, Эркиновнинг боши билан йўллаган зарбасини дарвозага кириб кетаётган пайтда “Металлург” ҳимоячиси қайтариб қолишга улгурди. Акс ҳолда натижа бошқача тус олиши ҳам мумкин эди.
“Металлург”нинг ушбу ғалабаси уюшқоқлик, жамоавий бирдамлик ҳисобига қўлга киритилди, десак адолатли бўларди. Иккинчи даврада таркиб ўзгаргач, жамоа ўйини ҳам анча яхши тарафга ўзгаргани сезилиб турибди. Лекин уларга уч очкони қўлга киритиш осон кечгани йўқ. Шунчаки, “Андижон” ўз имкониятларидан фойдаланганида юқорида таъкидлаганимиздек, балки вазият ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди.
“Металлург” – “Андижон” – 2:0 (1:0).
27 сентябрь. “ОКМК спорт мажмуаси”. 762 томошабин.
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Шохнур Йўлдошев, Жасур Рустамов.
VAR: Найим Қосимов
AVAR: Никита Афиногенов
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Диёр Ҳотамқулов
“Металлург”: Акмал Ортиқов, Даниал Махини, Керим Палич, Эргаш Исмоилов (Рўзибой Файзуллаев, 90+3), Муҳаммадали Алиқулов, Искандар Шойқулов (Беҳруз Шодмонов, 81), Аброр Тошқўзиев, Сардор Абдураимов, Ризо Язандўст, Забиҳилло Ўринбоев, Шаҳзод Убайдуллаев (Далер Шарипов, 61).
“Андижон”: Игорь Литовка, Илдар Маматказин (Ислом Маматказин, 70), Владимир Бубанья, Абдувоҳид Ғуломов, Илҳом Алижонов (Абдураҳмон Комилов, 70), Леван Арвеладзе (Суҳроб Бердиев, 58), Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Бекмуротов, Сардор Азимов (Армин Бошняк, 58), Фарҳод Соҳибжонов, Рубин Хебай (Шаҳбоз Эркинов, 58).
Голлар: Шаҳзод Убайдуллаев, 34 – 1:0. Далер Шарипов, 69 – 2:0.
Огоҳлантиришлар: Абдураҳмон Комилов, 73. Суҳроб Бердиев, 78.
Фикрлар