"Милан" драматик учрашувнинг сўнгги дақиқасида ғалабани илиб кетди: 2020-йил 1-ўрин билан якунланади!
Италия А серияси 14-туридан ўрин олган "Милан" - "Лацио" ўйини якунланди. Учрашувда 3-2 ҳисоби қайд этилди.
Учрашувнинг 10-дақиқасида Ребич гол уриб, ҳисобни очган бўлса, 16-дақиқадаги пенальтидан Чалханоглу ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. 28-дақиқада Иммобиле пенальтидан фойдалана олмаганига қарамай, қайтган тўпни Луис Альберто дарвозага жойлаб қўйди. 59-дақиқада хатосини ювиб, осон гол урган Иммобиле ҳисобни тенглаштирди ва шу ҳисоб ўйин якунларига қадар ўзгармади. 90+3-дақиқада бурчак тўпидан Тео Эрнандес гол урди ва жамоасига ғалаба олиб келди!
Ушбу ғалабадан сўнг "Милан" ўз очколари сонини 34 тага етказиб олди ва пешқадамликни "Интер"дан тортиб олди. "Нерадзуррилар"да ҳозир 33 очко бор.
- 90+4'
Учрашув мана шундай фантастик темпда якунланди! "Милан" 2020-йилни турнир жадвалида 1-ўрин билан якунлайдиган бўлди. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб борди. Эътиборингиз учун раҳмат!
- 90+3'
ГООООООООООООООООООООООЛЛЛ!!! "Милан" бурчак тўпидан яна гол киритиб ғалабани илиб кетмоқда! Тео Эрнандес керакли жойда керакли пайт пайдо бўлди ва ғалаба голини киритди! 3-2! Фантастика!
- 90+2'
"Милан" сафида 2 ўзгариш: Давиде Калабрия ва Самуэль Кастильехо ўрнига Диого Далот ҳамда Даниэль Малдини майдонга тушди.
- 90+1'
Давиде Калабрия жарима майдони ичига узатма амалга оширди, бироқ бу омадли чиқмади. Пепе Рейна тўпни ўйинга киритади.
- 90+'
Ўйинга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.
- 89'
"Лацио"да ўзгариш: Патрик Габаррон ўрнига Уес Худт майдонга тушди.
- 88'
Ведат Мурики ҳам сариқ карточка олди. Бугун сариқ карточкалар куни, шекилли.
- 86'
Анте Ребич узатмани боши билан дарвозага тўғирлаб юборди, бироқ дарвозабон анча яхши ўйнади.
- 84'
"Милан"нинг 2 футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.
- 83'
Лаццарининг қанотдан амалга оширган кроссини Доннарумма ушлаб қолди.
- 80'
Акпа Аккро қўпол ўйин намойиш этди, ҳакам ўйланмасдан сариқ карточка кўрсатди.
- 79'
"Россонерилар" сафида ўзгариш: Рафаэль Леау майдонни тарк этиб, Йенс Хауге унинг ўрнига майдонга тушди.
- 77'
Тео Эрнандес ўта қўпол фоли учун сариқ карточкага лойиқ кўрилди.
- 75'
"Милан"да ҳужумлар хавфлилашиб бормоқда. Чалханоглунинг қанотдан узатган узатмасини ҳимоячилар қайтарди.
- 73'
"Лацио"да яна ўзгариш: Сергей Милинкович-Савич ўрнига Жан Даниел Акпа Аккро тушди, Чиро Иммобиле ўрнига эса Андреас Перейра қўшилди.
- 71'
Ведат Мурикининг узатмасини Доннарумма қайтариб юборди!
- 70'
"Лацио" бурчак тўпи ижро этади.
- 69'
Луис Альбертода гол уриш учун ажойиб вазият юзага келди! Фанатлар гол нишонлашга ҳам тайёр турган эди, бироқ зарба омадсиз чиқди ва Доннарумма уни ушлаб қолди.
- 67'
Адам Марушич зарба берди, Доннарумма тўпни осон ушлаб қолди.
- 65'
"Милан" сафида ўзгариш: Салемакерс ўрнига Самуэль Кастильехо майдонга тушди.
- 64'
Луис Альбертога ҳам сариқ карточка кўрсатилди.
- 63'
Зарбалар бўйича айни дамдаги статистика: 6-10! "Лацио" ҳазиллашмаяпти.
- 61'
"Лацио"нинг навбатдаги юришини Доннарумма бартараф этди.
- 59'
ГОООООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Иммобиле ҳисобни тенглаштирди! У жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олди ва дарвозага тўпни енгилгина жойлаб қўйди! 2-2!
- 57'
Тео Эрнандес офсайдда қолиб кетди.
- 55'
Данило Катальди бурчакдан тўпни узатиб берди, бироқ Доннарумма тўпга ажойиб келиб, вазиятни бартараф этди.
- 54'
"Лацио"нинг қанотдан узатган тўпини Тонали ташқарига чиқариб юборди.
- 53'
Иммобиленинг зарбасини Доннарумма қайтарди!
- 52'
Бурчак зарбалари хавф туғдириб бормоқда. Яна "Милан" ва яна Чалханоглу. Бироқ ҳимоячилар яна бир бор хавфни бартараф этди.
- 50'
"Милан" штурмлар билан ўйинни назорат қилмоқда. Дуранг икки жамоани ҳам қониқтирмайди, айниқса "Милан"ни.
- 48'
"Милан" бурчак тўпи тепди, Чалханоглунинг узатмасидан сўнг хавфли вазият юзага келмади.
- 47'
Тео Эрнандес жарима майдони ташқарисида фаол ўйнади ва зарба берди, тўп бурчакка чиқиб кетди.
- 46'
"Лацио" таймни ўзгариш билан бошлади: Гонсало Эскаланте ўрнига Данило Катальди майдонга тушди.
- 46'
2-бўлим бошланди!
- 45'
Футболчилар майдонга тушишмоқда, биз ҳам қайтамиз.
- 45+4'
1-тайм ўз ниҳоясига етди. Танаффус.
- 45+2'
Иммобиле рақиб ҳимоячиси билан жарима майдони ичида тўқнашиб кетди ва вазиятга яқин турган ҳакам ҳужумда фол қайд этди.
- 45+'
1-таймга бош ҳакам 4 дақиқа вақт қўшиб берди.
- 45'
Стефано Пиоли ҳам ҳакамга қўпол муносабатда бўлди ва сариқ карточка билан жазоланди. Сал бўлмаса унга қизил карточка ҳам кўрсатилар эди.
- 44'
"Лацио" футболчиси ижро этган бурчак тўпини Доннарумма дарвоза чизиғи устидан қайтариб олиб чиқди! "Милан" қарши ҳужумда ўйнайди.
- 43'
Жарима зарбасидан сўнг ҳимоячилар тўпни бурчакка чиқариб юборишди. "Лацио" футболчилари уни ижро этади.
- 41'
Раде Крунич рақиб билан тўқнашувда бироз қўполлик ишлатди ва сариқ карточка олди. У бундан норози.
- 40'
Хавфли ҳужум "Лацио" футболчилари томонидан ижро этиляпти.
- 39'
"Милан" футболчисига қарши қўпол ўйнаган Гонсало Эскаланте сариқ карточка билан жазоланди.
- 37'
Луис Альберто амалга оширган узатмани Доннарумма фаоллик билан узоқлашштирди, қайтган тўпни "Лацио" футболчиларидан бири дарвозага йўналтирди, бироқ ноаниқ.
- 36'
Зарбадан сўнг рикошет бўлиб, тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак тўпи ижро этилади.
- 34'
Оч яшил формали "Лацио" рақиб майдонида позицион ҳужум ташкил этмоқда. "Милан" ҳимоячилари эса ҳимояда фаол.
- 32'
Индзаги ўзгариш амалга оширди: жароҳат олган Корреа ўрнига Ведат Мурики майдонга тушди. Мажбурий ўзгариш.
- 28'
Бош ҳакам қўпол сўзлари учун "Лацио" устози Симоне Индзагига сариқ карточка кўрсатди.
- 27'
ГОООООООООООООООООЛЛЛ!!! Иммобиленинг зарбасини Доннарумма суперсейви билан бартараф этди, бироқ қайтган тўпни Луис Альберто боши билан дарвозага жойлаб қўйди! 2-1! Ҳисоб қисқарди.
- 26'
"Милан" жарима майдони ичида Иммобиле йиқилиб тушди. ВАРга мурожаат қилган ҳакам унчалик тортмайдиган вазият бўлса-да, пенальти белгилади. Иммобиленинг ўзи уни ижро этади!
- 25'
"Лацио" бурчак зарбасидан аниқ фойдалана олмади. Тўп "Милан"га ўтиб кетди.
- 24'
Мануэль Лаццарри қанотдан ичкарига ажойиб кросс амалга оширди, бироқ ҳимоячилар вазиятни бартараф этишди.
- 22'
Жанлуижи Доннарумма майдонда тиббий ёрдам олмоқда, тўқнашув натижасида у шикастланди.
- 21'
Милинкович-Савич жарима майдони ичига идеал узатма амалга ошириб берди, бироқ зарба бериш учун бирор футболчи топилмади.
- 18'
"Лацио" футболчиси Мануэль Лаццарри рақибининг футболкасидан тортиб қолди ва жарима зарбасига сабабчи бўлди.
- 16'
ГООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Хакан Чалханоглу ўнг томонга зарба берди, чап томонга сакраган Пепе Рейна эса зарбани қайтара олмади. Ҳисоб ишончли кўринишга келтирилди! 2-0!
- 15'
"Лацио" ҳимоячиси Патрик Габаррон жарима майдони ичида қўл билан ўйнади ва бош ҳакам ВАРга мурожаат қилгач, пенальти белгилади!
- 13'
Сергей Милинкович-Савич ҳужумда фол ишлатди. Ҳакам буни кўриб турганди ва ҳуштагини чалди.
- 11'
Рафаэль Леау дарвозага жарима майдони ташқарисидан туриб зарба берди, Пепе Рейна эса тўпни ажойиб тарзда қайтарди.
- 9'
ГОООООООООООООООООЛЛЛ!!! Хакан Чалханоглунинг бурчакдан амалга оширган узатмасини Анте Ребич боши билан дарвозага жойлаб қўйди! 1-0!
- 8'
Анте Ребич жарима майдони ичига ҳаводан узатма амалга оширди, бироқ ҳимоячилар тўпни ташқарига чиқариб юборишди. "Милан" бурчак тўпи амалга оширади.
- 7'
"Лацио" асосан ҳимояланмоқда, футболчилар бир-бирига қисқа паслар узатиб, ҳужумга ўтишга ҳаракат қилмоқда.
- 6'
Анте Ребич жарима майдони ичидаги Хака Чалханоглуга чиройли узатма берди, Чалханоглунинг зарбасига эса бирозгина аниқлик етишмади, тўп юқорилаб кетди.
- 4'
Рафаэль Леау зарба бериш учун яхши позицияга чиқиб олган эди, бироқ унинг техникаси унга панд берди.
- 3'
"Лацио" футболчиси Луис Альберто стандард вазиятдан зарба берди, бироқ тўп юқорилаб кетди.
- 2'
"Лацио" футболчиси Луис Фелипе хавфли ўйнади, ҳакам эса меҳмонлар фойдасига жарима зарбаси белгилади.
- 1'
Ўйин бошланди!
- 0'
Футболчилар майдонга чиқиб келишмоқда. А серия мадҳияси янгради.
- 0'
Ассалому алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари! Италия А серияси 14-турининг марказий бахсига хуш келибсиз. Пешыадам "Милан" ўз уйида "Лацио"ни меҳмон қилади. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб боради.
Фикрлар