"Милан"га Доннарумманинг ўрнини эгаллайдиган дарвозабон келди

"Лилль" дарвозабони Майк Меньян расман "Милан" аъзосига айланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбага кўра, 25 ёшли француз Италия клуби билан 2026 йилга қадар шартнома имзолаган. У “россонерилар” сафида 16-рақамни танлади.

Бундан аввалроқ, "Милан" Меньян учун Франция чемпионига 13+2 миллион евро тўлаши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Футболчининг йиллик маоши  2,5+0,5 миллион евро бўлиши ҳам тилга олинган.

Меньян ўтган мавсум “Лилль” сафида Франция чемпионатида жами 38 та ўйинда иштирок этди ва шуларнинг 21 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Меньян "Милан"да Жанлуижи Доннарумманинг ўрнини эгаллайди. Италиялик посбоннинг ёзда клуб билан амалдаги шартномаси якунланади ва у эркин агентга айланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!