
“Милан”нинг собиқ бош мураббийи туғилган кунида дисквалификация қилинди
"Лион" бош мураббийи Паулу Фонсека Франция Профессионал Футбол лигаси (ФЛП) томонидан 9 ойга дисквалификация қилинди.
Гап шундаки, Фонсека якшанба куни "Лион"нинг "Брест" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйин вақтида бош ҳакам Беноит Миллотга тажовузкор муносабат билдирган ва майдондан четлатилган. ФЛП чоршанба куни берган баёнотида, португалиялик мутахассис 30 ноябрга қадар ишидан озод этилганини эълон қилди. Бундан ташқари, у 15 сентябргача жамоа кийиниш хонасига кириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
Ҳакамнинг ушбу ҳолатга баёноти:
"Фонсека менга таҳдид қилувчи ҳаракатлар қилди ва мен уни дарҳол майдондан четлатишга қарор қилдим. Кейин эса вазият янада ёмонлашди. У ҳатто мени урмоқчи бўлди. Бундан ташқари, бош билан зарба беришга уринди. Тўғрисини айтсам, бурунимга енгил тегди ҳам"
Дисквалификация УЕФА ва ФИФАга тааллуқли бўлиши мумкин
Паулунинг жазоси ҳозирча фақат Франциянинг ички мусобақаларига тегишли, яъни у Европа лигаси 1/8 финал босқичидаги бўлажак учрашувда жамоасини бошқариши мумкин. Бироқ, агар Франция футбол федерацияси ушбу масалани УЕФА ёки ФИФАга юборса, унинг жазоси халқаро мусобақаларга ҳам тааллуқли бўлиш эҳтимоли бор.
Маълумот ўрни, Фонсека ҳозирги жамоасини 2024 йилнинг 31 январида қабул қилган эди, у бунга қадар А Сериянинг “Милан” клубида ҳам иш олиб борган. Энг қизиғи шундаки, ушбу жазоси унинг 52 ёшга тўлган кунида эълон қилинди.
Фикрлар