Миллатлар Лигаси. Бельгия қарийб ярим асрдан бери Данияни енга олмайди (превью)
Миллатлар Лигасини кечаги кун баҳслари бирмунча тунд атмосферада ўтди. Асосий фигураларсиз кечган Голландия - Польша учрашувида бир қўл бармоқлари билан санаш мумкин бўлган вазиятлар яратилди. Италия - Босния ва Герцеговина беллашуви ҳам параллел ўйиндан у қадар фарқ қилмади. Тушунамиз, оғир йилдан сўнг, дам олишсиз янги мавсум бошланиб кетмоқда. Кимгадир ҳордиқ чиқариш ўта зарур бўлгани ёки фаолиятидаги муҳим ўзгаришлар арафасида тургани учун йиғинга келмасликка рухсат берилди. Аммо бундай футболчиларнинг кўплиги Миллатлар Лигаси баҳслари сифатига таъсир ўтказмоқда. Яна бир тарафдан, энди жамоалар ушбу мусобақага янада жиддий эътибор қаратмоқдалар. Турнирга нисбатан муносабат дастлабкисидан фарқ қилмоқда. Акс ҳолда, Польша бутун учрашувни ҳимояда ўтказмаган бўларди. Жамоаларда экспериментлар ҳам анча кам ишлатилмоқда. Бунда мураббийлар ўртасидаги тактик кураш биринчи ўринга чиқади.
Бугун-чи?! Бугун икки турфа жамоа курашига гувоҳ бўламиз. Бири Европа футболининг ёши улуғ ихлосмандлари учун аслида каттароқ номни англатади. Бири эса ёш мухлислар наздида сўзсиз фаворит. Дарҳақиқат, ҳозир Бельгияда “олтин авлод” шаклланиб қолди. Ҳар бир чизиқда Европа гранд клублари вакилларини учратиш мумкин. Дания эса доим “кўҳна қитъа”нинг ўртамиёнадан юқорироқ даражадаги терма жамоаси бўлиб келган. Бугунги қайдномага қараб, тенг ўйин гувоҳи бўлишимизга ишонч пайдо бўлмоқда.
Дания
Миллатлар Лигаси ҳар икки жамоа учун ўзига хос репетиция вазифасини ўтайди. Икки марта ушбу мусобақада тўқнаш келгач икки давлат вакилларининг йўллари “ЕВРО-2021” гуруҳ босқичида кесишади. Бугун Каспер Хюлманд ихтиёрида терма жамоанинг оптимал таркиби бор. Рақибларда бир нечта етакчилар ташриф буюрмаганини инобатга олсак скандинавияликларнинг имкониятлари тенглашади.
Тахминий таркиб: Шмейхель, Йоргенсен, Вестергор, Кристенсен, Кьер, Дилейни, Эриксен, Васс, Брейтуэйт, Фалк, Поулсен.
Бельгия
“Қизил иблислар” сўнгги бор 2018 йилда мағлубиятга учраганди. Ўшанда Швейцария уларни 2:5 ҳисобида енгган. Буни қарангки, ушбу баҳс айнан Миллатлар Лигасида ўтказилган. Дания билан ўзаро ўйинлар статистикаси ҳам яхши эмас. Шу пайтгача 13 та учрашувда Данияга қарши саф тортган бельгияликлар уларнинг 4 тасида ғалаба қозонган, 6 та ўйин данияликлар фойдасига ҳал бўлган. Яна 3 та учрашувда жамоалар дурангга имзо чеккан.
Эътиборлиси, Бельгия Данияни сўнгги бор 1971 йилда енгган. 49 йиллик нохуш анъанани якунлаш учун ҳам бугун уларга ғалаба зарур.
Тахминий таркиб: Миньоле, Менье, Алдервейрельд, Вертонген, Кастань, Вицель, Тилеменс, Карраско, Эден Азар, Мертенс, Лукаку.
Мураббийлар
Каспер Хюлман: “Биз жуда қийин рақиб қаршисида турибмиз. Бельгия бу улкан савияли футболчиларга бой бўлган жамоа. Уларда тактик жиҳатдан ҳам анча кучли ўйин мавжуд. Аммо биз ҳам етарлича кучлимиз. Бу менинг мураббийликдаги илк ҳафтам. Мен ушбу ҳафта давомидагина футболчилар билан машғулот ўтказдим. Бироқ улардаги салоҳиятни илғаб олиш учун шунинг ўзи ҳам етарли бўлди. Мени ранжитаётган биргина нарса бу стадионнинг бўшлиги. Мухлисларнинг йўқлиги яхши бўлмаяпти. Шундай бўлса ҳам, биз тайёрмиз ва учрашув бошланишини сабрсизлик билан кутмоқдамиз”.
Роберто Мартинес: “Компани даражасидаги футболчиларнинг ўрнини бир ёки икки марта йиғин ўтказиш орқали тўлдириб бўлмайди. Унинг кетиш қарори биз тайёр туришимиз керак бўлган нарса эди. Терма жамоа маъмурияти номидан унга фақат омад тилаймиз. Афсуски, футболчилар қанча кучли бўлмасин, уларни 100 йил олиб қолишнинг иложи йўқ. Бу ҳаёт”.
Хулоса ўрнида
Англия ва Исландия номи кўпчиликка қизиқарлироқ баҳсдек туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо Исландияликлар қайдномасида кўплаб етакчилар йўқлигига эътибор берсак, инглизлар яққол фаворитга айланиб қолади.
Биз муҳокама қилган қарама-қаршиликда эса нисбатан тенг таркибга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Жамоаларда принципиаллик ҳам бор. Бельгия учун бу каби таркиб билан 49 йиллик салбий натижага барҳам бериш долзарб масала бўлиши зарур. Бугунги ўйинда қайсидир жамоанинг кичик ҳисобдаги ғалабасини кўрсак керак. Бельгия ғалабага асосий даъвогар!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар