Миллатлар Лигаси. Испания ва Германия иштирокидаги учрашувлар учун превью

3-тур баҳсларида ушбу гуруҳ етакчилари ўзлари учун керакли бўлган натижаларни қўлга киритди. Испания Швейцарияни ягона гол эвазига таслим этди. Ўйин “қизил фурия”нинг тўлиқ устунлигида кечди ва улар ҳақли равишда ғалабага эришди.  Очиғи, Швейцариянинг иккинчи рақамли жамоа бўлишини тахмин қилган бўлсак-да, бу қадар пассив футбол намойиш этишини кутмаган эдик. Жамоанинг асосий ҳужумчиси Сеферович фақат офсайд ҳолатларда кўзга ташланди. Жакадан ҳам хавфли зарбаларни кўрмадик. Сабаби, у ушбу беллашувни таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўтказди ва асосий вазифасидан боши ортмади. 

Германияни эса таниб бўлмаяпти. Очиғи, биз “немис машинаси”ни гол урган сари очилиб боришига кўникиб қолгандик. Аммо сўнгги вақтларда бунинг аксини кузатмоқдамиз. Украина сал бўлмаса 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан қутулиб кетиши мумкин эди. Шевченко яхши жамоа шакллантирмоқда ва ўзи ҳам мураббий сифатида ўсишга эришяпти. Испанияга қарши ўйин буткул унинг хатоси туфайли йирик ҳисобда бой берилди. Катта жамоаларга қарши ўйнаш фалсафасини аста-секин тушуниб бормоқда. Ушбу турда айнан испанлар Киевда меҳмон бўлади. 

image_2020-10-10_07-27-08

Украина - Испания

1500x500

Украина

Тушунарлики, гуруҳда украинларнинг вазияти плей-оффга чиқиш имконини бермайди. Бунинг учун жуда катта ва давомий мўъжизалар кетма-кетлиги бўлиб ўтиши зарур. Улар учун ушбу босқични Швейцариядан олдинда якунлаш яхши натижа бўларди. 

Бунинг учун етарли салоҳиятга эга бўлган футболчилар Шевченко ихтиёрида етарли. Асосий масала айнан Швейцарияга қарши ўйинда ҳал бўлади. Унгача эса, Испаниядан очко олишга уриниб кўриш лозим. Ҳар ҳолда, Петкович шогирдларида грандлардан тортиб олинган очко бор.

Тахминий таркиб: Пьятов, Матвиенко, Зинченко, Кривцов, Соболь, Степаненко, Малиновски, Марлос, Коваленко, Ярмоленко, Мораес.

EEIdfQXUUAEKrys

Андрей Шевченко: “Бизни олдинда Испанияга қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Франция ва Германияга қарши ўйинларда катта тажриба орттирдик. Тан олишимиз лозим, таркибимиз бироз чекланган, жамоам ўзининг энг оптимал ҳолатида эмас. Ушбу мағлубиятлардан кейин ҳам таслим бўлиш хаёлимизга келмади. Тўғри ўйинчилардан тўғри мақсадда фойдаланишга ҳаракат қиламиз”. 

IMG_20160715_163017

Испания

Испанлар ўйинидаги яхши ҳислатлар ҳақида кўп гапирдик ва олдинда яна кўп маротаба улар ҳақида сўз юритамиз. Ҳозир эътиборингизни Фатига қаратмоқчиман. Испания терма жамоасининг ҳали вояга етмаган футболчиси тобора кучли ўйин кўрсатиб бормоқда. Уни мақтов ва эътирофлар ҳозирча чалғитгани йўқ. Аммо ундан "янги Месси" кутаётганларнинг фикрига қўшилмаган бўлардим. Сабаби, Фатида Леодаги каби ўзгача жиҳатлар мавжуд эмас. Тезлик ва ақлли футбол намойиш этиш эса, яхши даражадаги ҳар қандай футболчига хос хусусият. 

Муҳими, у ўз устида ишлашда давом этиши ва жамоадошидан кўпроқ нарсаларни ўрганиб олиши зарур. Мессига ўхшаши шарт эмас, у ўз услубини яратиш орқали ҳам “Барса” етакчиларидан бирига айлана олади. 

Испания таркибида ўтган учрашувда 60 дақиқача ҳаракат қилди ва унинг ўйинини ижобий баҳолаш мумкин. Оярсабаль гол урган вазиятдан бироз аввал, жарима майдонига ёриб кираётган Фатини қўполлик билан йиқитишди. Шунинг учун ҳам, А лига беллашувларида ВАРдан фойдаланиш керак, деган сўровлар кўпайиб кетмоқда. Балки, келгуси йилги мавсумда УЕФА шу йўлдан кетиши мумкин.

Тахминий таркиб: Де Хеа, Регилон, Рамос, Торрес, Навас, Бускетс, Фабиан, Себальос, Ольмо, Ферран, Родриго.

EkIuvG7WoAAr6L6

Луис Энрике: “Биз мусобақа давомида таркибимизни шакллантириб бориш ниятидамиз ва бу амалга ошмоқда, назаримда. Ҳамма кўриб турибдики, барча футболчилар асосий таркибда ўйнай олади. Менинг ихтиёримдаги 23 футболчининг барчаси қандай ҳолатда майдонга тушиши ва қайси ҳолатда захирада ўтириши кераклигини яхши тушунади. Бу нормал ҳолат.

Украинага қарши кечган аввалги беллашувда чиройли ғалабага эришдик. Бироқ бу аллақачон ўтмишда қолди”. 

skysports-luis-enrique-spain_4617296

Германия - Швейцария

EkJs3TvWAAAYb4p

Германия

Лёв янги авлод вакилларига ўз футболини тушунтиришга қийналмоқда. Унинг шавқатсиз Германияси энди ўтмишда қолгандек. Иккинчи таймнинг иккинчи қисми ғоят бўш ўтяпти. Буни энди жисмоний ҳолат билан изоҳлаш ҳам нотўғри. Чунки футболчилар доимий ўйин амалиётига эга бўлмоқдалар. Демак, янги футболчиларда охиригача курашиш инстинктини шакллантириш лозим.

Авлодлар алмашинуви Германияда анча оғир кечадиган кўринади. Хаверц ҳам мавсум бошини жуда қийин бошлади. На клуб ва на терма жамоа сафида ундан кутилган ўйинни кўрмаяпмиз. Вернер ҳам марказий ҳужумчи зонасида қийинчиликка учрамоқда. Плей-офф масаласи айнан Испанияга қарши учрашувда ҳал бўлиши учун, Швейцария ва Украинага қарши беллашувларда очко йўқотмаслиги талаб этилади. 

Тахминий таркиб: Нойер, Халстенберг, Зюле, Рюдигер, Гозенс, Киммих, Кросс, Дракслер, Горецка, Гнабри, Вернер.

EkJoxkTWoAAY86a

Йоахим Лёв: “Швейцария ушбу турниргача бўлиб ўтган барча катта мусобақаларда ўзини ижобий тарафдан кўрсата олганди. Улар жаҳон футболида топ-даражага кўтарилиб олишга улгурган. Чунки уларда бир қатор истеъдодли футболчилар мавжуд. Ушбу жамоа ҳар қандай рақиб учун жиддий қийинчиликлар туғдира олади. Испанлар уларга қарши вазиятлар яратишга қийналди. Умид қиламанки, Украинага қарши бўлганидек, бор эътиборимизни ушбу баҳсга қарата оламиз. Жамоамдан ҳужумда янада яхшироқ ҳаракат қилишини кутяпман”.

EkH5MLRXYAEEAwU

Швейцария

Владимир Петкович ўз жамоасида кўп жиҳатларни шакллантириши лозим. Испанияга қарши учрашувда 0:1 ҳисобидаги мағлубият жуда ҳақли ва аянчли тарзда қабул қилиб олинди. Минимал ҳисобда мағлубиятга учраётган жамоа ҳимояда бу қадар хотиржам ўйнаши кам учрайдиган ҳолат. Наҳотки, уларга испанлар билан ўйиндаги минимал мағлубият қониқарли ҳисоб бўлса. Шакири жуда кеч майдонга ташланди. Сеферович буткул йўқолиб қолди. Жакадан зарба кўрмадик. Балки, швейцарлар Лёв жамоасига қарши навбатдаги учрашувда ҳам очко олишни уддалаши мумкин. Украина билан 6-турда бўлиб ўтиши режалаштирилган ўйинга қандай кайфиятда ва қай аҳволда етиб бориши вақт масаласига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Сабаби, сўнгги иккита тур ноябрь ойида ўтказилади. Унгача кўп нарса ўзгариши мумкин.

Тахминий таркиб: Соммер, Аканжи, Элведи, Шер, Родригес, Видмер, Фрюлер, Жака, Шакири, Сеферович, Цубер.

Ej_qEOcXgAAMLkj

Владимир Петкович: “Биз А лигада қолишни истаймиз. Қўлимиздан келганча кўпроқ очко тўплашга ҳаракат қиламиз. Испаниянинг натижаларини такрорлаш қийин масала. Аммо уларга ҳавас кўзи билан қараймиз. Ҳали мусобақа давом этар экан, фақат ғалаба учун курашамиз”. 

vladimir-petkovic_1tc7p0sjms2cr1cvclql6t2j38

Хулоса ўрнида

Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳслар биринчи даврада қизиқарли ўйинларни тақдим эта олган. Айниқса, Энрике шогирдлари украинлар дарвозасига голлар шоуси уюштириб берган эди. Ҳа, Украина қадамма-қадам кучайиб бормоқда. Аммо барибир беллашувда Пиреней яримороли вакилларининг имкониятлари юқори. 

Германия - Швейцария учрашувининг яна ёпиқ ва тактик курашларга бой тарзда ўтишини кутмоқдаман. Ҳозир Петковичнинг фикри грандлардан кўпроқ очко олиш ва Украина билан сўнгги турда ўтказиладиган тўқнашувда ғалаба қозонишга қаратилган.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!