Миллатлар Лигаси. Испания ва Германия иштирокидаги учрашувлар учун превью

Ушбу гуруҳни Миллатлар Лигаси жорий мавсумидаги энг қизғинларидан бири, деб тан олишга ҳаққимиз бор. Сабаби, Испания ва Германиядан ташқари Украинада ҳам плей-офф йўлланмасини сақлаб қолиш имконияти мавжуд. Шунингдек, математик жиҳатдан ҳатто Испанияда ҳам Б лигага тушиб кетиш хавфи мавжуд. Бугун бўлиб ўтадиган баҳслар эса кўп масалаларга ойдинлик киритиб беради. Гуруҳ ғолиби бугуннинг ўзида аниқланиши ҳам, Швейцария шу оқшомнинг ўзида Б лига чипталарига “эга чиқиши” ҳам мумкин. Барчасини вақт ва бугун эътиборимиз марказида бўлувчи беллашувлар кўрсатиб беради. 4-гуруҳнинг 5-тури ҳақида фикр юритишни бошлаймиз!

Германия - Украина

EmsjyujXMAAKVsd

Германия

Ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўладиган учрашувлар ҳар бир гуруҳда етарлича топилади. Немислар ўз ишининг оғирлашиб кетишига сабабчи сифатида фақат ўзини кўрсата олади. Жамоа очко йўқотган учрашувларига назар ташласак, уларнинг барида жамоа ҳисобда олдинда борганини кўришимиз мумкин. Гуруҳ аутсайдери Швейцария Йоахим Лёв шогирдларидан миннатдор эканлиги аниқ. Чунки, улар тақдим этган 2 очко шарофати билан “банклар юрти” вакилларида ҳамон гуруҳда қолиш имконияти мавжуд. Украина ва Испания уларни биринчи даврада анча осонлик билан енгишга эришди. 

Олмонларнинг Украина устидан қозонган ғалабасига ҳам юқори баҳо бера олмаймиз. Сабаби, ғалаба яққол доминантлик эвазига қўлга киритилмади. Авваллари, “немис машинаси”ни гол уриб олгач тўхтатиб бўлмасди. Энди эса улар 1 ёки 2 та гол билан тўхтайди. Қўшимчасига, рақиб уларнинг дарвозасига йўл топган тақдирда, саросимага тушиб қолади. 

2014 йилги жаҳон чемпионлари 2017 йилда Конфедерациялар кубогини ярим таркиб билан ютиб кетганини кўргач, кўпчилик Россия майдонларида ҳам айнан улар фаворит эканини гапира бошлаганди. Аммо якунда Германия гуруҳда қолиб кетиб, чемпионларнинг қора анъанасини давом эттирди. 

Миллатлар Лигасидаги яхши натижа уларга ёзда бўлиб ўтадиган Европа Чемпионати олдидан яхшигина руҳий далда бўлиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, “ўлим гуруҳи”даги рақиблар Швейцария даражасидан анча баланд. 

Тахминий таркиб: Нойер, Клостерманн, Зюле, Рюдигер, Госенс, Киммих, Горецка, Гюндоган, Сане, Гнабри, Вернер.

Иштирок эта олмайди: Тони Кроос.

Йоахим Лёв: “Сане, Гнабри ва Вернернинг асосий таркибда майдонга тушишини тахмин қилиш қийин эмас. Улар бизга тўп билан ва тўпсиз ҳаракатларда тезлик бағишлай олади. Аммо бизда ҳалиям улар билан қиладиган ишлар, ривожлантиришимиз лозим бўлган жиҳатлар мавжуд. Уларнинг ўйинидаги ранг-барангликни оширишимиз лозим. Уларнинг тезлигидан унумли фойдалана билсак, бу рақибларга жиддий хавф туғдира олган бўларди. Ҳа, Миллатлар Лигасини ютиш имкониятимиз бор. Аммо мен ва шогирдларим хаёли фақат бир нарса билан банд: олдимизда турган ўйинни ютишимиз лозим”.

EmuKekSWMAUhD86

Украина

Андрей Шевченко футболчи сифатида ўз мамлакати байроғини анча баланд кўтара олганди. Энди мураббий сифатида ҳам анча рақобатбардош жамоани шакллантира олганини исботламоқда. Ушбу жамоа ўз қитъаси грандларига етарлича бош оғриқ туғдира оладиган “чақилмас ёнғоқ”қа айланиб бормоқда. Ҳа, Испанияга қарши 2-тур баҳси тўлиқлигича Шевченконинг тактик хатоси сабаб бой берилди. Аммо мана шундай мағлубиятлар кучли мураббийни тарбиялайди. Буни Германияга қарши беллашувда кўрдик. 4-тур баҳсида эса ўша “қизил фурия” таслим этилди. Жамоада бир қатор яхши даражали футболчилар борлиги рост. Аммо улар Испанияни енга оладиган, Германия билан тенгма-тенг кураш олиб борадиган даражада эмас. Андрей футболчилик фаолияти давомида мураббийларининг қўл остида шунчаки шуғулланмагани кўриниб турибди. Улардан кўплаб жиҳатларни ўргангани бугунги Украина кўрсатаётган футболда акс этиб турибди. 

Лейпцигда Германия синовидан ўтишга отланган ушбу жамоа қўрқув билан эмас, ишонч билан қадам ташламоқда. 

Тахминий таркиб: Бушан, Караваев, Забарний, Миколенко, Соболь, Сидорчук, Степаненко, Малиновски, Ярмоленко, Мораэс, Яремчук. 

Андрей Шевченко: “Бизда биринчи ўрин учун кураш олиб бориш имконияти мавжуд. Аммо юқори савияли рақибларга қарши натижага эришмоқчи бўлсанг, маълум бир тактик ишланмаларга таянишга мажбур бўласан. Биламизки, самарасиз тактикани исталган вазиятда четга суриб қўйиш мумкин. Биз мана шундай кучли рақибга қарши меҳмонда ўйнар эканмиз, ўз ўйин услубимизни вазиятга қараб ўзгартириб туришга мажбурмиз. Шунингдек, футболчиларга сингдирилган футбол фалсафамиз ҳам ўз кучида қолади”.

EmxbJ8SXYAAHTtL

Швейцария - Испания

Emyp3FBWMAABP3_

Швейцария

Владимир Петкович бошчилигидаги жамоа очиғини айтадиган бўлсак, олдинги даражасида эмас. Германияга қарши баҳсларида қолганларидан бошқачароқ футбол намойиш эта олди. Шунингдек, ушбу терма жамоа фойдасига ишлайдиган статистикалар ҳам йўқ эмас. Швейцарлар ўз майдонида ўтган сўнгги 17 ўйиннинг бирортасида мағлуб бўлмади (14 та ғалаба, 3 та дуранг). 

Икки жамоа ўртасидаги 6 учрашувнинг 4 тасида испанларнинг қўли баланд келган. 1 маротаба дуранг натижа қайд тилган (1988). 2010 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги ғалаба Швейцария учун ягона бўлиб турибди. Эътибор бердингизми, чемпион испанларнинг кўнглини ғаш қилиб турувчи ягона жиҳат айнан мана шу мағлубият ҳисобланади. Демак, шахсий ҳисоб-китоблар мавжуд. 

Владимир Петкович: “Албатта, 6 та ўйинлик ғалабасиз сериядан сўнг, бу каби ҳолатга тушиб қолиш табиий. Натижалар қониқарли эмас. Биз хотиржамроқ бўлишимиз ва камроқ хатолар қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳимоядаги муаммолар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Бироқ биз ярим ҳимоямиздаги камчиликлар ва вазиятлардан фойдалана олмаслик ҳақида ҳам бош қотиришимиз даркор. Эътибор бераётган бўлсангиз, ўтган йилгига нисбатан камроқ хатоларни амалга оширмоқдамиз. Аммо рақибларимиз етарлича жиддий. Улар ташаббус эвазига ютиб кетмоқдалар”.

Испания

Луис Энрике жамоасидан ҳозирги пайтда ортиқча ҳеч нарса талаб қилинмайди. Ўз ўйинларини муаммосиз ютган тақдирда, улар плей-оффда қатнашади. Аслида, ўтган турда Украинага имконият бой берилмаганда, бугуноқ уларни илк ярим финалчи, деб таништиришимиз мумкин бўларди. Аммо энди улар Германиянинг натижасига ҳам қарашга мажбур. Агар бугун Йоахим Лёв шогирдлари Украинани енгишни уддаласа, 6-турда айнан уларга қарши кечадиган ўйин финалга тенг тарзда ўтади. 

Биринчи даврадаги ғалабада энг катта ҳиссани қўшган Ансу Фати бугун сафда йўқ. Ўша кунги ягона гол муаллифи Микель Оярсабаль голдан бошқа жуда кўп вазиятларда яхши имкониятларни йўққа чиқарганди. Ўз навбатида, рақиб томон ҳам яхшигина қаршилик кўрсатиб бера олган эди. 

Ўтган турда Украинадан учралган мағлубият 13 та ўйинлик мағлубиятсиз серияга нуқта қўйди. Ушбу муваффақиятсизлик Энрике учун умуман кутилмаган жойдан келиб қолган “дайди мушт” каби таъсир қилди. Энди улар барча гуруҳдошлари қатори жиддий кураш олиб боришга мажбур, хотиржамликка берилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Тахминий таркиб: Де Хеа, Навас, Торрес, Рамос, Гайя, Бускетс, Тиаго, Руиз, Морено, Ольмо, Мората. 

Луис Энрике: “Биз мусобақа аввалидан буён жадвалнинг биринчи поғонасида келмоқдамиз. Ана энди буни расмийлаштириш навбати келди. Гуруҳда барча жиҳатдан интрига сақланиб турибди ва вазият буткул ўзгариб кетиши мумкин. Ўтган гал биз кўпроғига эришишимиз мумкин эди. Аммо Англия яхшироқ натижалар қайд этган ҳолда, бизни плей-оффдан маҳрум қилганди. “Ювентус”га қайтганидан сўнг, Мората ҳимоявий ва ҳужумдаги ҳаракатларда анча яхши ўйин кўрсатмоқда. Маркос Льоренте ҳақида ҳам шундай таърифни ишлата оламан”.

Хулоса ўрнида

Германия - Украина беллашуви кўпчилик учун фаворити аниқ ўйиндек кўринаётган бўлиши мумкин. Аммо меҳмонларнинг биринчи даврадаги тўқнашувда намойиш этган хатти-ҳаракатларини кузатиб улгурган футбол мухлиси ушбу баҳсга бошқача назар билан қарайди. Бугунги Португалия - Франция қарама-қаршилиги 3-гуруҳда қандай ўрин тутса, 4-гуруҳдаги кўпгина масалаларга ойдинлик киритувчи ушбу ўйин ҳам барча учун бирдек қизиқ.

Испания эса муаммоли Швейцарияни бир амаллаб енгиб олмаса, кейинги ўйинга анча оғир аҳволда етиб боради. Бугун муаммосиз ғалаба қозонса, 6-турнинг ҳал қилувчи баҳсида анча хотиржам ҳаракат қилиши мумкин бўлади. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!