Миллий антидопинг агентлиги федерацияларни хушёрликка чақиради
Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида “Спортда таъқиқланган препаратлар ва уларнинг салбий оқибатлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, МОҚ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий антидопинг агентлиги, МОҚ қошидаги спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ), барча федерация ва ассоциациялар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда даставвал Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодирбек Турсунов сўзга чиқиб, Халқаро антидопинг агентлиги (WADA)нинг айни пайтдаги талаблари, ташкилотнинг таъқиқланган препаратлар рўйхатида юз бераётган ўзгаришлар хусусида гапириб берди. Шундан сўнг РСТИАМ раҳбари Абдушукур Содиқов мавзу юзасидан тайёрлаб келган тақдимотини намойиш қилди.
“Замонавий спортда фармакологик воситалар юқори натижаларга эришишнинг асосий сабабчисига айланиб улгурган. Бироқ улардан тўғри ва оқилона фойдалана олиш эса ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Допинг деганда, кўпчилик спортчига қўшимча куч ва энергия берувчи воситани тушунади. WADA бундан ташқари спортчиларнинг тез тикланишига, оғриқни қолдиришга ёрдам берувчи кўплаб дори воситаларини ҳам допинг қаторига қўшган. Буларнинг барчаси спортчининг ҳаёти билан ҳамнафас. Шундай экан таъқиқланган препаратлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ўта масъулияли вазифага айланган”, – деди Абдушукур Содиқов.
Семинарда сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов соҳанинг юртимиздаги ривожи борасида ўзининг танқидий фикрларини билдириб ўтди.
“Очиғини айтсам, бу семинарда янада кўпроқ маълумот оламан, кўпроқ таҳлил эшитаман, деб ўйлаган эдим. Бу ерда ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассислари ўтиришибди. Спортчи таҳлилининг ижобий чиқиши мамлакат имижи учун ҳам салбий таъсир қилади. Биз бу борада янада кўпроқ изланиб, допингдан сақланишимиз керак. Антидопингдаги янгиликлар бўйича соатлаб гапирса бўлади. Тан олишимиз керак, бизнинг бу соҳада катта билимга эга мутахассисларимиз кам. Спорт докторларини халқаро семинарларга жўнатиб, уларнинг билимини ошириш лозим. Афсуски, Токио Олимпиадасигача қолган вақт бунинг учун қисқалик қилади”, – деди Ойбек Касимов.
Тақдимотда WADA томонидан таъқиқланган препаратларнинг сўнгги янгиланган рўйхати маълум қилинди. Шунингдек, семинар давомида бир қатор мутасадди раҳбарлар ва мураббийлар сўзга чиқиб, Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида фармакологик воситалардан тўғри фойдаланиш борасида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Манба: МОҚ матбуот хизмати
Фикрлар