Миржалол Қосимов – майдон маркази қироли
Россия премьер-лигаси тарихида Марказий Осиё мамлакатларидан жами 120 нафардан ортиқ легионер тўп сурган. Sportbox.ru ана шу футболчилардан иборат рамзий терма жамоа тузди.
Шарқ – нозик масала. Россиядаги тарихий терма жамоада 7 футболчимиз бор
Биз ҳар бир чизиқ бўйича энг кучли, деб топилган Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаган чарм тўп усталарини алоҳида таништирамиз.
Ўзбек футболида доим кучли ярим ҳимоячилар бўлган. Рамзий терма жамоада ҳам бу ўз аксини топди. Таянч ярим ҳимоячи амплуаси Москванинг “Локомотив” жамоаси таркибида ишончли ўйин кўрсатган Владимир Маминовга топширилди. У ўз даврида темирйўлчиларнинг етакчиси бўлган. Бутун фаолиятини бир жамоада ўтказган ярим ҳимоячи 397 учрашувда 40 та гол урган. Футболчи сифатида Россиядаги барча совринларни қўлга киритган. Маминовнинг Ўзбекистон терма жамоасида чалқанча усулда узоқ масофадан урган голи ҳамон мухлислар ёдида экани аниқ.
Майдон марказининг чап қаноти бугунги кунда Ўзбекистон терма жамоасига сардорлик қилаётган Одил Аҳмедовга насиб қилди. Мутахассислар уни ўта талантли, ақлли ва универсал футболчи, деб таърифлашади. Жаҳон футболи юлдузлари билан “Анжи” ва “Краснодар”даги ўйинларини эсга олишди. Одил Россия премьер-лигасида 211 та учрашув ўтказиб, 13 та гол ва 22 та голли пасга муаллифлик қилган. У Россия чемпионати совриндори ва Хитой чемпиони.
Ҳужумчи ортидаги позиция, бошқача айтганда ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини ҳеч иккиланмасдан Миржалол Қосимовга берилди. 1995 йилда “Алания” таркибида Россия чемпиони бўлган ўзбек футболи юлдузи кейинчалик “Крилья Советов” жамоасида ҳам ишончи ўйин намойиш қилган.
Мутахассислар уни ўта аниқ пас соҳиби, тўп билан ишлаш устаси, аниқ зарба эгаси, жарима тўпларини қойилмақом тепадиган футболчи сифатида мақташди. Миржалол Қосимов “Алания” таркибида 64 та ўйинда 25 та гол урган. Европа чемпионлар лигасида “Ливерпуль” дарвозасини ҳам ишғол қилган. Бу ўринга ундан муносиби йўқ!
Фикрлар