Шарқ – нозик масала. Россиядаги тарихий терма жамоада 7 футболчимиз бор

Sportbox.ru сайти Россия юқори дивизионида муваффақиятли тўп сурган Марказий Осиё мамлакатлари футболчиларидан иборат рамзий терма жамоа тузди.

Премьер-лига тарихида Россия клубларида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан жами 120 дан зиёд легионер тўп сурган. Уларнинг энг зўрлари рамзий терма жамоадан ўрин олди.

Мустаҳкам қўрғон

Марказий Осиё мамлакатлари терма жамоалари дарвозасини қўриқлаган посбонлар орасида энг зўри Алексей Поляков бўлиб чиқди. Асосий таркибдаги ягона жой айнан Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўриқлаган моҳир дарвозабонга берилди. Поляков тожикистонлик Андрей Мананников, қозоғистонлик Константин Ледовских ва Андрей Сидельниковни орта қолдирди.

Нега Поляков?

У рақобатчиларига қараганда юқори даражада кўп учрашув ўтказган. Дарвозабон ўйнаган клубларнинг ҳам мавқеи баланд. Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасини 18 та ўйинда қўриқлаган посбон Россия премьер-лигасида 130 та учрашувда қатнашган. “Локомотив” таркибида бир марта вице-чемпион, икки марта совриндор бўлган, Россия кубоги ва Суперкубогини ютган. “Крилья Советов” жамоасида ҳам бронза медалга эга чиққан.

Поляковнинг ўзига хос хусусиятлари – тезкор реакция, хотиржамлик ва профессионаллик.

d8c9899f7c5b72455eb1128a4aa309575eb9b98a00f15278956296

Баланд девор

Рамзий терма жамоа ҳимоя марказига Ўзбекистон вакили Олег Пашинин ва тожикистонлик Рашид Раҳимов лойиқ кўрилди.

Россия чемпиони бўлган Пашинин Москванинг “Локомотив” жамоаси таркибида 200 дан ортиқ ўйин ўтказган.

Унинг позиция танлаши, курашувчанлиги ва бош билан яхши ўйнаш қобилияти алоҳида тилга олинади.

1435988926_5b_khesuhdq

Қанот ҳимоячилари сифатида мудофаа чизиғида универсал бўлган тожикистонлик Игорь Черевченко чап қанотга, ҳамюртимиз Андрей Фёдоров ўнг томонга қўйилди.

Мутахассислар Андрей Фёдоровнинг жисмонан бақувватлиги, шиддатли ўйини, юқори қаватдаги ишончли ҳаракатлари ва ундан тўпни олиш қийинлигини таъкидлаган.

bbb9b52957ba5ee7a34f4b01fadec7215eb9bc08d8764994355446

Сайт ижодкорлари чап қанот ҳимоясида Игорь Черевченко ўрнига Виталий Денисовни қўйиш мумкинлигини ҳам алоҳида эътироф этди. Икки йил муқаддам“Локомотив” сафида Россия чемпиони бўлган ҳамюртимиз ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда.

Майдон марказида ўзбеклардан зўри йўқ

Ўзбек футболида доим кучли ярим ҳимоячилар бўлган. Рамзий терма жамоада ҳам бу ўз аксини топди. Таянч ярим ҳимоячи амплуаси Москванинг “Локомотив” жамоаси таркибида ишончли ўйин кўрсатган Владимир Маминовга топширилди. У ўз даврида темирйўлчиларнинг етакчиси бўлган. Бутун фаолиятини бир жамоада ўтказган ярим ҳимоячи 397 учрашувда 40 та гол урган. Футболчи сифатида Россиядаги барча совринларни қўлга киритган. Маминовнинг Ўзбекистон терма жамоасида чалқанча усулда узоқ масофадан урган голи ҳамон мухлислар ёдида экани аниқ.

yGwdOT8qAE8

Ярим ҳимоя чизиғидан Туркманистон паспортига эга бўлган ягона футболчи – Дмитрий Хамуха киритилди. Чунки ўз даврида ўнг қанот ярим ҳимоячида унга етадигани йўқ эди.

Чап қанот бугунги кунда Ўзбекистон терма жамоасига сардорлик қилаётган Одил Аҳмедовга насиб қилди. Мутахассислар уни ўта талантли, ақлли ва универсал футболчи, деб таърифлашди. Жаҳон футболи юлдузлари билан “Анжи” ва “Краснодар”даги ўйинларини эсга олишди. Одил Россия премьер-лигасида 211 та учрашув ўтказиб, 13 та гол ва 22 та голли пасга муаллифлик қилган. У Россия чемпионати совриндори ва Хитой чемпиони.

file_5d146612e1ae01.094588911561617938

Бу ўринга номзодлар қаторида Ўзбекистон терма жамоаси сафида битта ўйин ўтказган “Анжи” юлдузи Руслан Агаларов ҳам бор.

Ҳужумчи ортидаги позиция, бошқача айтганда ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини ҳеч иккиланмасдан Миржалол Қосимовга беришди. 1995 йилда “Алания” таркибида Россия чемпиони бўлган ўзбек футболи юлдузи кейинчалик “Крилья Советов” жамоасида ҳам ишончи ўйин намойиш қилган.

8aef6d3650cf2f46e42806a5c5e1ec615eb9be64308d5869659578

Мутахассислар уни ўта аниқ пас соҳиби, тўп билан ишлаш устаси, аниқ зарба эгаси, деб мақташди. Миржалол Қосимов “Алания” таркибида 64 та ўйинда 25 та гол урган. Европа чемпионлар лигасида “Ливерпуль” дарвозасини ҳам ишғол қилган. Бу ўринга ундан муносиби йўқ!

Ҳужумда Шомуродов

Россиялик мутахассисларга ҳужумчи танлаш бироз қийин бўлди. Чунки Марказий Осиёдан бориб, Россияда рақибларни титратган ҳужумчилар кўп экан. Улар тожикистонлик Муҳсин Мухамадиев («Локомотив», «Спартак») ва Арсен Аваков («Торпедо»), туркманистонлик Владимир Байрамов («Рубин»), қозоғистонлик Сергей Волгин («Текстильщик») ва ўзбек футболи юлдузлари – Александр Гейнрих (ЦСКА, «Торпедо») ва Жаъфар Ирисметовни («Спартак») тилга олдилар.

Бироқ, бугунги кунда Россия премьер-лигасида порлаётган ва Европанинг қатор клублари эътиборига тушган “Ростов” тўпурари Элдор Шомуродовни танлашди.

2a8a5864e74b0cd2b88dd48298f80a965d509181696f0222469963

Мутахассислар Элдорнинг гол сезиш қобилияти, ҳаракатчанлиги, позиция тўғри танлай олиши ва универсаллигига тан беришди. Майдондан ташқарида ёқимтой ва оддий йигит эканини айтишди.

Элдорнинг ҳужумдаги шериги сифатида Қозоғистон вакили Владимир Нидергаус танланди.

Марказий Осиё юлдузларидан таркиб топган терма жамоа билан танишинг:

84585f5fa0d74f2023f8da91c98dd6c05eb97bac29809782537497

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)