Миржалол Қосимов: АГМК футболчилари бақувват эканлигини билар эдик
Ads

Pepsi Суперлига 12-туридан ўрин олган АГМК – “Бунёдкор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “қалдирғочлар” устози Миржалол Қосимов иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Куни кеча Жиззахда оғир учрашв ўтказган эдик. Орадан икки кун ўтиб, яна бир қийин баҳсда иштирок этдик. АГМК клуби жуда бақувват футболчилардан ташкил топгани ва стандарт вазиятларга эътибор қаратиши олдиндан маълум эди. Бўйдор футболчиларга қарши куч синашиш анчайин мушкул вазифа. Баҳс қизиқарли ва шиддатли кечди.

Биринчи бўлимда ташаббус бизда бўлди. Бироқ иккинчи таймда рақиб ҳаракатлари ижобий томонга ўзгарди ва бу жиҳат бизга бир мунча қийинчилик туғдирди. Умуман, ўйин бошидан то охиригача мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Мана шундай мураккаб баҳсда ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Ютуқ учун футболчиларимга миннатдорчилик билдираман. Жамоамизга далда бўлиб, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат айтаман. Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни кириб келаётган Рамазон ойи билан табриклайман", - дейди Миржалол Қўшоқович.