Миржалол Қосимов АГМКнинг кам гол ураётганини Италиянинг шундай йўл билан жаҳон чемпиони бўлганига қиёслади

Суперлига доирасидаги "Машъал"га қарши ўйиндан кейин АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва дастлаб касб байрамини нишонлаган матбуотчиларни табриклади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Аввало Матбуот ва ОАВ ходимлари куни билан нафақат спорт журналистлари, балки барча йўналишдаги қалам аҳлини касб байрами билан табриклайман! Бошқа йўналишдаги журналистлар ҳам керакли хабар ва янгиликларни етказиб, баъзан бизни бироз футболдан чалғитиб, дунё ҳаёти воқеъликларидан хабардор қилишади. Барча журналистларга аввало саломатлик, ижодий баркамоллик ва ишларига ривож тилайман.

"Машъал" ўйинни чуқур ҳимоядан қуришини рақибни ўрганиш жараёнида билгандик. Шу боисдан ҳам таркибда қатор ўзгаришлар, яъни ротацияларга қўл урдик. Бу ротация тақвим зичлиги ва шунингдек, рақибнинг услубидан келиб чиқиб, ўйинга танланган тактикага ҳам боғлиқ бўлди. Ўйлайманки, бугунги ротация ўзини оқлади. "Машъал" жуда тартибли ҳимояланадиган, яхши шаклланган жамоа. Бундай жамоаларга қарши ўйинда тезкор гол муҳим. Тезкор гол рақибнинг режасини бузиб, чуқур ҳимоядан чиқишга мажбур қилади ва бўш ҳудудлар пайдо бўлиши мумкин. Шуни ўйлабми балки, жамоам биринчи бўлимда кўп шошқалоқликка йўл қўйди. Шу боис баъзан хатолар кузатилди. Ўйинда рақибни кўпроқ тўпсиз қолдириш кўрсатма берилганди. Иккинчи бўлимда ўйин яхшироқ шакллантирилиб, қанотлар янада фаоллашди. "Машъал"нинг бу ҳимоясини ўртадан ёриб кириш деярли имконсиз эди. Қанотлар орқали хавф туғдириш вазифаси қўйилди ва бу режа якунда самара келтирди. Ўйлайманки, ўйинда ҳақли равишда ғалаба қозондик. Муҳими - ғалаба. Кўп гол урса ҳам, кам гол уриб ютса ҳам ғалабага бериладиган очколар сони ўзгармайди.

Футболда ҳеч нарсани аввалдан билиб бўлмайди. Италия ҳам вақтида кам гол уриб жаҳон чемпиони бўлган. Гуруҳдан эса доим дуранг ўйнаб, аранг чиқарди, масалан. Ҳозирги кунда вазиятлардан фойдаланиш борасида бироз муаммо юзага келмоқда. Асосийси, вазиятлар яратилмоқда. Шундай руҳда давом эттириш керак.

Элгужа Григалашвилининг белидаги жароҳат безовта қилмоқда. Қачон тикланиши номаълум. "Насаф" билан ўйингача сафга қайтиши қийин. Кўрамиз, - деди Миржалол Қосимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!