Миржалол Қосимов: "Ал-Ҳилол" билан очиқ футбол ўйнаб бўлмайди

Осиё чемпионлар лигаси 5-тур доирасидаги АГМК - "Ал-Ҳилол" учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.

"Авваламбор, ассалому алайкум. Эртанги ўйин жуда ҳам муҳим. Қолаверса, гуруҳдаги тўртта жамоада ҳам имконият бор. Барча жамоада биринчи ўринга чиқиб олиш учун имконият мавжуд. Танганинг иккинчи тарафи, эртанги баҳсда очко йўқотилиши мусобақадаги имкониятларни йўққа чиқаради. Биз охиригача ҳаракат қилиб, имкониятдан фойдаланишга интиламиз. "Ал-Ҳилол" билан учрашувда натижа учун курашамиз".

— "Ал-Ҳилол" билан дастлабки ўйинда дуранг қайд этгансизлар. Рақиб ҳақида маълумотлар етарли. Бу жамоангизга эртанги баҳс олдидан устунлик бериши мумкинки? Шунингдек, жамоа 12 кун ичида бешинчи ўйинда майдонга тушади. Жисмоний толиқиш қанчалик сезилади?

— "Ал-Ҳилол" жуда ҳам кучли жамоа. Лекин охирги турда улар "Истиқлол"га ютқазди. Умуман футболда мағлуб бўлмайдиган жамоа йўқ. "Ал-Ҳилол"ни ўрганиб чиқдик, таркибдаги барча футболчилар сафда. Эртага албатта яхши натижа учун ўйнаб, мухлисларни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз. Футбол шунақа нарсаки, унда кимдир хато қилади ва бошқа фойдаланиб кетади. Оддий бир кичик элементар хато ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Имкон қадар камроқ хато қилиб, имкониятдан максимал фойдаланиш лозим. Ўйлайманки, эртага жуда ҳам қизиқарли ўйин бўлади. Тўғри, кетма-кет бешинчи ўйин. Балки жисмоний толиқиш сезилиши мумкин. Жамоада ротациялар ҳам қилинади.

— Матбуотда "Ал-Ҳилол" ҳақида танқидлар жуда кўп учрамоқда. Лекин шунга қарамай, "Ал-Ҳилол" барибир жуда кучли жамоа. Мазкур жараёнлар ҳақида нима дея оласиз?

— "Ал-Ҳилол" Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Футболда ҳеч ким мағлубиятлардан суғурталанмаган. "Истиқлол" "Ал-Ҳилол" билан ўйинда жуда ҳам яхши ҳимояланди ва қарши ҳужумда ўйнаб, вазиятлардан фойдаланди. "Истиқлол"га тасанно. Мазкур ўйинни кўриб чиқдик. Аввал таъкидлаганимдек, "Истиқлол" ҳимоясини ёриб ўтиш жуда мушкул. "Ал-Ҳилол" ҳам бунга қийналди ва эътиборни ҳужумга қаратган ҳолда ҳимояни эсдан чиқариб, қарши ҳужумларни ўтказиб юборди. Футболда бундай ҳолатлар учраб туради. Шуниси билан ҳам қизиқ футбол.

— "Истиқлол" яхши ҳимояланганини таъкидлаб ўтдингиз. "Ал-Ҳилол"га қарши ўйинда эртага жамоангиз ҳам шундай ҳимоявий услубдан фойдаланадими?

— "Ал-Ҳилол" билан очиқ футбол ўйнаб бўлмайди. Чунки рақиб жуда кучли жамоа ва юқори даражадаги ижрочи футболчиларга эга", - дея Қосимовнинг сўзларини келтириб ўтди клуб матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
26/04/2021 23:43
ҚАНДАЙ ЎЙНАСАЛАРИЗ ҲАМ ЮТИШ КЕРАК ҲИЛОЛНИ. ИСТИҚЛОЛ УДАЛАДИ, АГМК ҲАМ УДДАЛАСА, ВА ИСТИҚЛОЛНИ ҲАМ ЮТСА ЧИҚАДИ ЖАМОА КЕНГИ БОСҚИЧГА. ОМАД ҚОСИМОВ ВА ЖАМОАСИГА
Super star
26/04/2021 23:24
AL XILOLNI BN OʻYINDA ALDOV VA HILLA YOʻLIBN OʻYNASH KERAK HILLANI ISHLATISH UCHUN FAQAT TEZLIK KERAK