Миржалол Қосимов

"Ал-Ҳилол" - АГМК (2:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов қуйидаги фикрларни билдирди.

- "Авваламбор, ассалому алайкум. Бугунги ўйин жуда ҳам қизиқарли бўлди. Ҳар икки жамоа майдонга ғалаба учун тушди, шунга яраша ҳаракатланди. Менимча, бугунги футбол четдан қараганда ҳам томошабоп бўлди. АГМК учун бугунги баҳс тарихий. Жамоамиз илк бор ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнади. "Ал-Ҳилол" билан сафарда ўйнаш нафақат биз учун, балки исталган жамоага катта қийинчилик туғдиради. Мен футболчиларим билан фахрланаман. Биз бу мусобақага шунчаки келмаганмиз. Кеча айтиб ўтганимдек, гуруҳ босқичи якунланганидан сўнг, кимлар кейинги босқичга чиққани маълум бўлади. Биз қўлимиздан келганича ва имкон қадар ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба учун майдонга тушамиз ҳамда мухлисларимизни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз".

- "Ал-Ҳилол" нафақат Саудиянинг, балки Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Гуруҳда эса "Ал-Ҳилол"дан ташқари "Шабаб Ал-Аҳли" сингари кучли жамоалар йиғилган. Шундан келиб чиқиб, жамоанинг келгуси ўйинлардаги тайёргарлиги қандай бўлади?

- Ҳар 3 кунда ўйин ўтказилади. Ҳозирда энг кераклигиси бу футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаб олиш. Ҳозир муқаддас Рамазон ойи. Шу боисдан ҳам ўйинлар кечки вақтга қўйилган. Лекин бу жиҳатлар баҳона бўлиши керак эмас. Айни дам жамоанинг жисмоний ҳолатини ўйиндан-ўйинга тезроқ тиклаб олиш муҳим.

- "Ал-Ҳилол"нинг камчиликлари қай тариқа топдингиз ва уларнинг камчилиги ҳақида гапириб ўтсангиз. Шунингдек, жамоангизни иккинчи бўлимга қандай тайёрладингиз?

- Оддий. Жамоамиз ОЧЛ гуруҳ босқичида илк бор ўйнамоқда ва кўплаб футболчилар учун мазкур мусобақа илк нуфузли турнир. Шу боисдан ҳам уларда ҳис-ҳаяжон бўлиши нормал ҳолат. Биринчи бўлимдаги дастлабки 20 дақиқа жамоа ёмон ҳаракат қилмади. Танаффусда футболчиларга биз бу мусобақага шунчаки келмаганимизни таъкидладим. Биринчи навбатда футболчилар ўз ўйинларидан роҳатланиши ва мухлислар учун ўйнаши лозим. Биринчи таймга қараганда иккинчи бўлимда анча эркин ва хотиржам ўйнашди ҳамда бу ўз натижасини берди. Рақиб камчиликлари ҳақида гапириш эса мени одатимга зид. Мен ҳеч қачон рақиб жамоанинг муаммо ёки камчиликлари ҳақида оммага гапирмаганман ва қоидамга ҳозир ҳам амал қиламан. Ташқаридан туриб гапириш осон.

- Бугун гуруҳда дуранг натижалари қайд этилди. Келгуси ўйинларда натижалар қандай бўлади, деб ўйлайсиз?

- Натижа борасида ҳам ҳеч қачон башорат қилмаганман. Биз доим ғалаба учун майдонга чиқамиз ва Аллоҳ бергани бўлади. Агарда натижаларни аввалдан билганимда, бу ерда ўтирмаган бўлардим. Ҳаммасини ўйинлар кўрсатади. Учрашувдан аввал эса яхши ният қилиб, бўлажак беллашувларга жиддий тайёргарлик кўрамиз ва чиройли ўйнаб, фақат ғалаба учун интиламиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдуллаев Маьруф
16/04/2021 17:19
Арзийди

Минбар

Барча блоглар