Миржалол Қосимов: Жўжани кузда санаймиз...
Бугун Олмалиқда АГМК клуби Суперлига янги мавсумининг илк тури доирасида "Локомотив"ни меҳмон қилди. Ўйин мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан сўнг АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов сайтимиз ходимларига учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Авваламбор, янги мавсум бошлангани билан ҳаммани табриклайман. Чемпионатни бошлаш ҳар доим ҳаяжонли бўлади. Биз ўйинга яхши тайёргарлик кўрган эдик ва ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, тезкор голдан кейин "Локомотив" аъзолари яхшироқ ҳаракат қилиб, тўп назоратини қўлга олишди. Уларда тўп билан муомала қилиш борасида яхши футболчилар бор. Албатта, улар бундан унумли фойдаланишди ва бу ўз самарасини берди. Иккинчи бўлимга эса яхши кайфиятда тушдик ва ўйлайманки, бизнинг жамоа "Локомотив"га қараганда яхшироқ ўйнади ҳамда ҳақли равишда ғалабани қўлга киритди".
- 2 жароҳат ҳақида нима дея оласиз? Бу жамоага қай даражада таъсир қилади?
"Футбол жуда кўп жароҳатлар бўладиган спорт тури. Нафақат ўйинда, балки машғулотларда ҳам. Ўтган йили 5 тагача ўзгаришларга рухсат берилган эди, бу йил бундай эмас. Биринчи ўйинни биринчи бўлимидаёқ 2 та футболчимиз жароҳат олди. Бу жуда ёмон. Мен мавсумнинг қолган қисмидан кўра ўйиннинг қандай якун топиши ҳақида қайғурдим. Сабаби, чемпионат бошланишига ҳали жисмонан 100% тайёр эмасмиз. 1-2 та ўйин ўтказиб, мослашиб олишимиз мумкин.
Жароҳатлар жамоага жиддий таъсир қилади, лекин бизда футболчилар етарлича. Улар бир-бирининг йўқлигини билдирмайди. Сардор оёғидан жароҳат олди, мени хавотирга қўйган нарса - Ботиралининг жароҳати. У жароҳат пайти нафақат шокка тушиб қолди, балки мияси ҳам чайқалди. Сабаби Қодирқулов тиззаси билан унинг бошига урилиб кетди, лекин буни кўпчилик кўрмади. Шифокорлар унга тўғри муолажа қўйиб, тузалишига ёрдам беради деган умиддаман".
- Мавсум бошида ҳар бир жамоа ўз олдига мақсад қўйиб олади, кимдир чемпионликни, кимдир шунчаки ғалабани кўзлайди. АГМКнинг олдига қўйган мақсадлари қанақа?
"Менимча, майдонга ҳеч ким ютқизамиз деб чиқмайди. Ютишга ҳаракат қилинади ва ютилади. Лекин ҳамаси майдонда ҳал бўлади, албатта бу омадга ҳам боғлиқ".
- Аввалги мавсумлдарда "Пахтакор" бошқа клубларга нисбатан фаворитроқ сифатида эътироф этилар эди. Бу мавсум эса ундай эмас. Си бу ҳақида қандай фикрдасиз, тенг кучли жамоалар борми?
"Албатта, бор. "Навбаҳор" ва "Сўғдиёна" ўз жамоасини сақлаб қолди. "Қўқон" ҳам яхши ҳолатда. Менимча, "Пахтакор" ҳам жуда ёмон ҳолатда эмас. Машарипов кетди, ўрнига Сардор Рашидов олинди. Сергеев ҳам кетди. Айтишадику, "жўжани кузда санаймиз" деб. Шунинг учун хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз эса бор эътиборимизни майдонга келган мухлисларнинг ишончини оқлашга қаратишимиз лозим. Раҳмат!", - дейди Миржалол Қосимов.
Фикрлар