Миржалол Қосимов: Катта ишлар аста-секинлик билан амалга оширилади
АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов жамоа билан янги шартнома имзолагач клуб ахборот хизматига ўз фикрларини билдирди.
— Авваламбор, клуб раҳбариятига билдирилган ишонч учун ташаккур. Ўтган мавсум жамоамизнинг биринчи даврадаги иштирокидан кейин тегишли хулосалар чиқариб, мавсумни иккинчи қисмида вазиятни яхши тарафга ўнгладик. Давралар оралиғидаги танаффусдан кейин жамоанинг ички муҳити яхшиланди ва бу ўйин ҳамда натижаларда ҳам яхши тарафлама акс этди. Ўзаро ўйин кўникмаси ҳамда тушунчаси шаклланди.
Айни пайтда АГМК жамоаси ривожланиш ва ўсиш босқичида. Ўтган мавсумда бошлаган ишимизни янги йилда ҳам давом эттириб, жамоавий ўйинни янги босқичга олиб чиқиш бўйича жиддий ишлаймиз. Мақсад АГМКни юқори даражага олиб чиқиш. Катта ишлар аста-секинлик билан амалга оширилади. Дастлабки йилги хато ёки камчиликлар янги мавсумда муваффақият қозонишимиз учун тегишли хулосаларни бериши мумкин. Худо хоҳласа янги мавсумда Олмалиқ шаҳри ҳамда жамоамиз мухлисларини хурсанд этиш учун қаттиқ ишлаймиз. Шу ўринда доимо жамоамиз учун қайғуриб, бизга далда бўлиб келган ишқибозларимизга раҳмат айтаман. Айнан уларнинг олқиши АГМК жамоасининг катта мақсадлар йўлидаги машаққатли ишини осонлаштиради, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Миржалол Қосимов.
Фикрлар