Миржалол Қосимов: Майдонга чиқиб, югуриш керак!
Ads

Олий лиганинг 16-турида “Сўғдиёна” ўз майдонида “Бунёдкор” ни қабул қилди. Ўйинда ҳисоб очилмади. Учрашувдан сўнг “қалдирғочлар” бош мураббийи Миржалол Қосимов  матбуот анжуманида қатнашди. Бу ҳақда "Сўғдиёна" матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Бугун жанговор дуранг бўлди. Мухлисларга ёқадиган футбол бўлди. Қолаверса, “Сўғдиёна” қарши ҳужумда жуда яхши ҳаракат қилди.Ўз футболчиларимдан қониққаним йўқ. Ҳозирги футболда жисмоний тайёргарлик биринчи ўринда туради. Майдонда чиқиб югуриш керак. Футболчилар кам ҳаракат қилиб рақиб жамоани мағлубиятга учратмоқчи бўлди. Шунинг учун ҳам ўйинимиз чиқмади.

Ҳар бир ўйинда охирги ўйиндек ҳаракат қилиш керак. Футболчиларнинг ҳаёлларида кетма-кет “Локомотив”, “Насаф”, “Қўқон-1912” мағлубиятга учратиб, “Сўғдиёна”ни бемалол мағлубиятга учратамиз деб ўйлашди. Бу катта хато. Керакли очколарни йўқотдик. Кейинги ўйинларда ишлаймиз, ўйлаймиз. Охирги 2 ўйинда дарвозага тўп киритолмадик. Бу устида ишлашимиз керак.

“Сўғдиёна” ўз мухлислари олдида чиройли ўйин намойиш этишмоқчи бўлди. Жамоага ҳам янги мураббий келган. Ҳар бир футболчи янги мураббийга ўзини яхши тарафларини қўрсаткиси келади. Мураббий ҳам шу ўйинлар орқали кейинги ўйинларга тайёргарлик кўради. Мухлисларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Қолаверса, “Бунёдкор” муҳлисларига миннатдорчилигимни изхор қилмоқчиман. Тошкетдан келиб бизга далда бўлишдилар", - деб айтиб ўтди Қосимов