Миржалол Қосимов "Металлург"дан учралган мағлубиятга қандай изоҳ берди?
Суперлиганинг 1-туридан ўрин олган "Металлург" – АГМК (1:0) учрашувидан сўнг "кончилар" бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қатнашди.
— Янги футбол мавсуми билан барча ишқибозларни табриклайман. "Металлург" жамоасини эса ғалаба билан табриклайман. Шундай кунлар бошимизга тушган экан, бу кунлар ҳам ўтиб кетади, мағлубият бизни янада кучлироқ қилади. Бизни қўллаб-қувватлаш учун Олмалиқдан ташриф буюрган мухлисларга раҳмат айтиб қоламан. Бундан ташқари, шогирдларимга ҳам миннатдорчилик билдираман. Биринчи бўлимдаёқ 10 киши бўлиб қолишимизга қарамасдан, охиригача кураш олиб бордик. Энг муҳими, жамоадаги руҳият сақланиб қолган. Майдондан четлатилган футболчилар нечта ўйинни ўтказиб юбориши ҳақида бирор нима дея олмайман. Биз ҳали қайтамиз ва бундан кучлироқ ўйин кўрсатамиз.
— Мавсум аввалида марказий ҳимояни тўлиқ янгиладингиз. Аввалги таркибдан фақатгина Сардор Раҳмоновни сақлаб қолдингиз. Айнан Раҳмонов қўпол хатога йўл қўйди. Пенальти белгиланган вазиятда у хавф бартараф эта олмаганидан ташқари шеригига халақит берди ҳамда рақибга қўполлик ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланди. Унинг ҳаракатларига изоҳ берсангиз...
— Вазиятни қайта кўриб чиққач, бир тўхтамга келаман. Ҳозирча бу ҳақда нимадир тушунтириб беришим қийинроқ. Ишлаган одам хато қилади. Ишламаган одамда бунақа хато бўлмайди. Футболда ҳамма хато қилади. Бундай вазиятлар ҳар доим бўлиб туради. Масалан, ўтган йили Жокич "Бунёдкор"га қарши баҳсда майдондан четлатилганди, лекин ўшанда натижани ўз фойдамизга ҳал қилгандик. Сардорни ёшлигидан бери яхши биламан, у ҳеч қачон атайин нотўғри ҳаракатлар қилмайди. Келгуси ўйинларда бундай хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.
— Анзур Исмоилов ва Касьян каби етакчи ўйинчиларнинг йўқлиги бугунги ўйинга ўз таъсирини ўтказдими?
— Жамоа бир кишига қараб қолмаган. Клубда йўқотишларнинг ўрнини мавжуд ўйинчилар тўлдириши лозим. Шунда вазият нормал тус олади. Исмоилов ҳали эндигина келган. Вақти-соати келиб, улар ҳам таркибга қўшилади ҳамда клубни кучайтиришга ўз ҳиссасини қўшади.
— Олдинги "Металлург" билан ҳозиргисида фарқ сездингизми?
— Имкони борича, бошқа жамоа тўғрисида гапиришни хоҳламайман. Ҳозир ўз жамоам ҳақида қайғуряпман.
— Таркибнинг деярли ҳар бир чизиғича етакчи ўйинчилар жалб этилди, бироқ ҳужум чизиғига футболчи сотиб олинмади. Ваҳоланки, жамоада учта ҳужумчи бор ҳамда учаласиникини қўшиб ҳисоблаганда, ўтган мавсум ўнта ҳам гол уролмаган...
— Бу футболчиларнинг иккитасининг клуб билан шартномаси бор. Шу сабабли улар жамоада қолди. Зафар Полвоновни жамоадан кетказиш инсонийлик жиҳатдан нотўғри бўларди. У жамоа учун меҳнат қилган, фаолиятини шу ерда якунламоқчи. Шу боис, у ҳам жамоада қолди. Бу иш бугун бор, эртага йўқ. Лекин инсон ҳамиша инсон бўлиб қолиши керак. Полвоновга бошқа жамоалардан таклифлар бўлди, лекин у рад этди. Уч ҳужумимиз бор экан, бошқа ўйинчи сотиб олишга зарурат туғилгани йўқ.
АГМК матбуот хизмати.
Фикрлар