Миржалол Қосимов: "Натижадан ҳам, ўйиндан ҳам қониққаним йўқ"
Суперлигада 23-тур якунланди. Турнинг сўнгги қарама-қаршилиги Олмалиқда кечди. Унда ОКМК жамоаси "Металлург"га қарши баҳс олиб борди ва 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Чемпионат якунига қанча кам вақт қолаётгани сари ўйинлар шунчалар оғирлашиб кетмоқда. Бугун натижадан ҳам, ўйиндан ҳам қониққаним йўқ. Вақт кам қолгани сари, асабийлашиш ортиб бормоқда. Ҳаммасини биринчи бўлимда ҳал қилсак бўлар эди. Дарвозага бир неча маротаба яқинлашдик. Бир метрдан бўш қолган дарвозага гол кирита олмадик. Қилинган ҳаракат гол бўлмаса, бу 0 га тенг. Иккинчи ўрин учун курашаёган пайтимизда, бу натижа яхши эмас. Энди яна ҳам асабийлашишга тўғри келади. Ортимиздан келаётганлар яқинлашиб қолди. Дерби ўзи ҳеч қачон осон ўйин бўлмаган. Вазиятдан чиқишимиз керак.
- Кумуш медаль учун имконият қай даражада?
- Ўзимизни ўзимиз мураккаб вазиятга тушириб қўйдик. Жиззаҳда ҳам ёмон ўйнамаган эдик, аммо охирида стандартдан ўтказдик. Бугун ҳам, Фарғона клуби билан ҳам яхши ўйнадик, аммо вазиятдан фойдалана олмадик. Якунда интрига сақланиб қолинди. Охиригача курашамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам курашамиз. Шу ўринда, кончиларимизни комбинатнинг 75 йиллиги билан табриклаймиз. Кейинги ўйинларда яхши натижалар билан уларни хурсанд қилишга харакат қиламиз.
Фикрлар