Миржалол Қосимов: "Ўзимизга яраша муаммоларимиз бор"
“Андижон” – ОКМК (0:1) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
- Керакли натижага эришдик. Албатта, осон бўлгани йўқ. “Андижон” жамоасини ўрганиб чиққандик. Юқоридан узатмалар ва қолаверса, курашларга бой ўйин бўлди. Биз шунга тайёргарлик кўргандик. Бу узатмалар ўз-ўзидан эмас. Ўз майдонида “Навбаҳор”, “Пахтакор” каби клубларга қарши иккинчи планда ўйнаб туриб голлар киритганди. Жиззахдаги учрашувда ҳам узатмадан кейин тўп киритиб, ғалабани илиб кетишганди. Бўйи узун футболчилари ҳам бор ва биз барчасига тайёрлангандик. Муҳими, уч очкога эришдик. Иккинчи бўлимда йигитлар натижани ушлаб қолиш учун ҳаракат қилишди. Бу нормал ҳолат.
- Ўйиннинг охирида сизда қандай ҳиссиётлар ўтди? Чунки “Андижон” “Пахтакор”, “Навбаҳор” каби жамоаларга қарши охирги дақиқаларда гол уриб ютиб кетганди...
- Йигитларимизга ишонгандим. Айтяпман-ку, биз тайёр эдик. Менимча, “Пахтакор”га 85-дақиқада гол уришганди. Жиззахда ҳам ўйин охирларида гол уришди ва у ерда 1:0 ҳисобида ютқазиб туриб кейинчалик 1:2 ҳисобида ғалаба қозонишган. “Навбаҳор”да ҳам шундай тарзда ютиб кетишган. Бу ҳам биз учун ўзига яраша мотивация эди. Энг яқин таъқибчимиз “Андижон” жамоаси эди, икки очкога ортда кетаётганди. Кўп курашларга бой ўйин бўлди.
- Халқаро ўйиндаги мағлубиятдан кейин жамоани “Андижон”га қарши беллашувга тайёрлаш қийин бўлмадими?
- Албатта, қийин. Ўзимизга яраша муаммоларимиз бор. Жароҳатлар жуда кўп. Адашмасам, 10 га яқин футболчиларда жароҳат бор, бу ҳам ўзига яраша малака. Бу синовдан ҳам ўтамиз. Бу – футбол. Спорт контактларга бой. Кутилмаган жароҳатлар деса ҳам бўлади. Бу нарсадан ҳам ўтиб оламиз. Бизни қийнаётгани жароҳатлар. Нимагаки, олдинда муҳим учрашувлар бор. Тикланиш жараёни қийинчилик туғдиряпти. Ҳамма нарса ўтади кетади. Бу ҳам бир синов, нормал ҳолат, бошқа иложимиз йўқ.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар