Миржалол Қосимов: "Қўлимдаги қоғозда барчаси ёзилган, истасангиз кўрсатаман"

Суперлиганинг 4-тур доирасидаги "Сурхон" — АГМК (1:2) учрашувидан кейин анъанавий тарзда ўтказилган матбуот анжуманида олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.

"Мавсумни ёмон бошладик. Дастлабки иккита ўйиндан кейин очко қўлга киритилмагач, руҳий жиҳатдан босим остида қолгандик. Ушбу ғалаба бизга руҳан ёрдам беради, деб ўйлайман. "Сурхон" охиригача курашадиган жамоа. "Олимпик" ва "Навбаҳор"га қарши баҳсларда бугунги рақибимиз ҳисоб қандай бўлишидан қатъий назар сўнгги сонияларгача курашди. Рақибни ўрганиб чиқиб, шунга яраша тайёргарлик кўргандик. "Сурхон" узун паслар билан ўйнашини билардик, яккакурашларга ҳам катта эътибор қиладиган жамоа. Ғалаба осонликча қўлга киритилмади".

— Анзур Исмоилов ва Алишер Жалиловдек футболчиларнинг захирада қолиши бу уларнинг жисмоний ҳолати билан боғлиқми ёки рақобат биланми?

— Исмоилов Туркияда елкасидан жароҳат олганди. Бекободдаги ўйинда икки футболчимиз жароҳатланган, икки футболчимиз қизил карточка олганди. Санжар Турсунов ҳам ҳали тўлиқ тайёр эмас. Анзур 1,5 ой деганда бугун илк бор майдонга тушди. Жалилов куни кеча Намангандаги халқаро мусобақада терма жамоа сафида 4 кун ичида иккита тўлиқ ўйинни ўтказгани туфайли уни захирадан учрашувга қўшдим.

— Тажрибали мураббий сифатида нима деб ўйлайсиз: ўзбек футболида VARдаги баҳсли вазиятларни кўриш учун жуда кўп вақт кетмаяптими?

— Бу танганинг бир томони, бошқа томони эса ҳар бир ўйин жанговар тарзда ўтмоқда, ҳеч ким ютқазгиси келмаяпти. Мана шу боис шундай ҳолат кузатилмоқда. Лекин дунёдаги янгиликлар билан ҳамнафас бўлиш керак. VARни янада такомиллаштириб, қарор тезроқ қабул қилинса бунинг зарари йўқ. Замон билан ҳамнафас бўлиш керак. Ҳозирги футболда VAR орқали ҳақиқат кўпроқ қарор топмоқда. Буни зараридан кўра фойдаси кўпроқ, фикримча.

— Сизнинг жамоангизда пенальтини ким тепишини ким ҳал қилади? Яъни, ўзингиз тайинлайсизми ёки футболчилар майдонда ўзлари келишиб олишадими?

— Ўйиндан олдин кўрсатма берилаётганда ҳар бир стандарт вазиятларини ким ижро этишини ўзим алоҳида тайинлайман. Қўлимдаги қоғозда барчаси ёзилган, истасангиз кўрсатаман.

АГМК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!