Миржалол Қосимов сабабли чемпион бўлган бокс мураббийи

  • 5 август, 2019, 20:27
  • 1
  • Бокс

Халқимизда “Устоз - отангдек улуғ” деган ажойиб нақл бор. Айни топиб айтилган гап десак муболаға бўлмас. Сабаби, қай бир сохада бўлмасин устоз шогирд учун борини беради. Мукаммал, баркамол, етук  инсон бўлиши учун жон куйдиради. Шунинг учун ҳам доимо устоз-мураббийлар шогирдлар ардоғида бўлади десак янглишмаган бўламиз. Айниқса, спорт оламида устоз-шогирд атамаси жуда катта маъно касб этади. Аслида, яхши устоз мақомини олиш ҳам жуда қийин ва масулиятли. Юртимизда жуда кўп ажойиб, том маънодаги мураббийлар бор. Улар қаторида кўп йиллардан буён профессионал боксда фаолият олиб бораётган, Ўзбекистон профессионал бокс терма жамоаси бош мураббийи, “Оқтепа” бокс клуби асосчиси Зуфар Сулаймонов ҳам бор. Уни профессионал бокс оламида Касс Доматога қиёслашади. Нафақат боксчилар балки ММА оламининг кўзга кўринган вакиллари Мурод Хонтўраев, Азамат Нуфтиллаев, Нурсултон Рўзибоевлар ҳам устозлари қаторида кўришади. Айниқса, баъзи футболчиларнинг ҳам  устоз деб мурожаат қилишларига нима дейсиз... Хуллас, ушбу ўзгача мураббий билан  сухбат қурдик.

Доирачи Элмурод Исломов шогирди

- Зуфар ака сизни мураббий сифатида биламиз холос. Иложи бўлса, спортчилик фаолиятингиз ҳақидаги маълумотлар биз ва мухлислар учун жуда қизиқ бўларди?

- 12 ёшимдан бокс оламига кириб келганман. Биринчи мураббийим Бахтиёр Тўхтаев бўлган. “Динамо” бокс мажмуасида машғулотлар олиб борганмиз.  Одатда, оталар фарзандларини ушбу спортга жалб қилса, менда аксинча онам қўллаб-қувватлаган. Боксга бормасимдан аввал, Элмурод ака Исломовнинг тўгарагига бориб, доира чалганман. Лекин бу борада бироз махорат етишмаган десам бўлади. Чунки, доира чалиш учун ҳам инсонга яратган томонидан ином эътилган истеъдод бўлиши керак бўларкан. Натижаларга эътибор қаратсак, ҳаваскор боксда ёшлар ўртасида Ўзбекистон биринчилиги ғолиби бўлганман. Катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, “Динамо”чилар турнири ғолиби, бир қатор халқаро мусобақаларда совриндор бўлганман. Ҳар холда боксчилик фаолиятим ҳам ёмон ўтмаган.

photo_2019-07-21_20-13-34

- Мураббийлик фаолиятингиз ҳам катта бир китоб десак бўлади?

- 27 йил бўлди. Дастлаб, ҳаваскор боксда ёшлар билан ишладим. Шогирдларим Ўзбекистон чемпиони бўлган. Жаҳон чемпионатида иштирок этишган. Бир қатор халқаро турнирларда совриндор бўлишди. 2004 йилдан профессионал боксдаги мураббийлик фаолиятимни бошлаганман. Ҳозирга қадар профи йўналишда фаолият юритиб келмоқдаман. Умуман олганда эришган муваффақиятларимдан, фаолиятимдан мамнунман.

- Анча йиллардан буён профессионал бокс оламидасиз. Ҳозирги кундаги келажаги порлоқ ёшларни сизданда яхши биладигани камдан-кам бўлса керак?

- Биласизми, бизда ҳар доим кучли профессионаллар бўлган. Ҳозирда, ҳам жуда кўплаб топилади. Яқиндагина интернационал камарни қўлга киритган Равшан Махаммаджонов, WBA Asia чемпионлик камари сохиби Равшан Умурзақов, “Ўзбек Канелоси” номини олган Хусниддин Пўлатовларни айтишим мумкин. Эххе жуда кўп. Океан ортида бир қатор ёшларимиз фаолият олиб бормоқда. Умуман олганда бизнинг йигитларга профессионал бокс оламида талаб кучли. Бунга ўзингиз ҳам гувох бўлаётгандирсиз. Ёшларимизга ҳориж промоушенаридан жиддий чорловлар бўлмоқда.

photo_2019-07-21_20-27-58

- Бизда махсулот етарли экан. Ўзимизда ҳам  рақобатбардош промоушенлар ташкил қилса бўлмайдими?

- Аста-секин бундай имкониятлар ҳам пайдо бўлмоқда. Жумладан, SAFPRO промоушени ташкил этилди. Мазкур промоутерлик ташкилотининг ҳам имкониятлари жуда юқори. Қолаверса, Ўзбекистон профессионал бокс Федерацияси ҳам салмоқли ишларга қўл урмоқда. REAL HAUS компанияси ҳам боксчиларимизнинг келажаги учун кўмак бериб келаяпти. Умуман олганда бу борада ҳам ўзига хос режалар мавжуд.

photo_2019-07-21_20-19-03

Бепул машғулот ўтказадиган мураббий.

- “Оқтепа” бокс клубида фаолият олиб борасиз. Адашмасам ушбу залда қурилиш ишлари олиб борилаётган экан?

- Дархақиқат, қурилиш ишлари кетяпти. Замонавий, стандартларга тўла жавоб бера оладиган холатга келтирмоқчимиз. Авваллари битта ринг бўлса, энди иккита бўлади. Қисқаси мукаммал холатга келтирмоқчимиз.

photo_2019-07-21_20-12-11

- “Оқтепа” клуби одатда бепул фаолият юритади дейишади...?

- Мураббийлик сохасини бошлаганимда ўзимга сўз берган эдим. Яъни, мураббийларим эриша олмаган, ўзим спортчилик фаолиятимда етиша олмаган натижаларимга устоз сифатида эришиш борасида. Шунинг учун,  боксни хобби сифатида қабул қилганман ва шогирдларимдан хеч қачон пул олмайман. Боксни хеч қачон тирикчилик манбаига айлантирмаганман. Шукрки, мақсад қилган баъзи муваффақиятларимга эриша олдим. Шогирдларим орасида юқорида таъкидлаб ўтганим каби, Ўзбекистон чемпионлари, жаҳон ва Осиё камарлари сохиблари етишиб чиқди. Куч-қувватим бор экан ёшларни тарбиялашда, боксчиларимизнинг янада нуфузли чемпионлик камарларини қўлга киритишида ёрдам беришга ҳаркат қилавераман. Яна бир воқейликни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Яқиндагина Ўзбекистон профессионал бокс Федерацияси томонидан мураббийларни назорат қилувчи унвони берилди. Бу менга фахр уйғотди. Арзимас мехнатларимни юқори бахолагани учун, Федерация мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

photo_2019-07-21_20-20-24

Устозларнинг устози.

- Одатда, сизни ўша машҳур Касс Доматога қиёслашади..?

-  ???? Тўғри, бокс оламида шунга қиёслашади. Биласиз, Домато ўз вақтида Тайсонни оёққа турғазган эди.

- Шахсан ўзим, баъзи ММАнинг машҳур вакиллари Мурод Хонтўраев, Нурсултон Рўзибоев, Азамат Нуфтиллаевларнинг нафақат улар балки, баъзи футболчиларнинг ҳам сизга устоз деб мурожаат қилганларига гувох бўлганман. Балки биз билмаган қирраларингиз бордир?

- ???? Аслида, устоз сўзининг замирида улкан маъно бор. Шу даражага етишганимга беадад шукр қиламан. Албатта, аввало яратганнинг инояти, қолаверса ота-онам ва устозларимнинг дуоси натижасида ушбу мартабаларга эга бўлдим. Гарчи, мураббийлик қилмасамда мени устоз сифатида эътироф этиб, маслахатлар сўраб туришади. Мисол учун, Тўлқин Қличев, ҳаваскор бокс терма жамоамиз катта мураббийи сифатида фаолият юритади. Унинг мураббийлик фаолияти мобайнида қандай натижалар қайд этганига барча гувоҳ бўлиб келаяпти. Ушбу мураббий ҳам устоз дея баъзан фикр алмашиб туради. Бундай холатлар албатта ғурур бағишлайди. Хеч қандай қирраларим йўқ. Шунчаки хурмат юзасидан устоз деб мурожаат қилишади.

photo_2019-07-21_20-16-18

Футбол афсонасининг дўсти

- Шогирдингиз Олимжон Назаров яқиндагина Жанубий Кореянинг “Сocky Buffalo” промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади. 33 ёшга тўлганини инобатга олсак, иккинчи ёшлигини ўтказаётгандек таассурот уйғотмоқда. Маълумки, профессионал боксда бу ёш анчагина салмоқли ҳисобланади?

- Тўғри, Олимжон анча йиллардан бери профессионал боксда фаолият юритиб келади. Ўзбекистон чемпионлик камарини қўлга киритган. WBC йўналишида МДҲ ҳамда Шарқий Европа чемпионлик камари сохиби ҳисобланади. АҚШда фаолият юритганда штатлар чемпионлик камарини қўлга киритган. 25-август куни эса WBO international Flyweight Title камари учун жанг ўтказади. Умуман олганда ёш борасида унда муаммо йўқ. Унинг потенциали 40 ёшгача юқори савияда ҳаркат қила олишга имкон беради.

photo_2019-07-21_20-10-42

- Сизни футболимиз афсонаси Миржалол Қосимов билан нима боғлайди. У мураббийлик қилган жамоаси билан “Оқтепа” клубига ташриф буюриб турарди?

- Футбол афсонаси билан битта махаллада катта бўлганмиз. 157-мактабда бирга ўқиганмиз. Кейинчалик ҳозирги Жисмоний тарбия ва спорт универститетида ҳам бирга тахсил олдик. Умуман олганда ҳозирга қадар қадрдон дўстмиз. Аслида, катта бокс оламига кириб кетишимга ҳам Миржалол сабаб бўлган деб айта оламан. Ёшликда бокс оламига кириб келган вақтимиз эди. Ўшанда ёшлар ўртасида  кучлилар турнири ўтказилаётган эди. Финалга чиқдим. Лекин финалда жуда кучли рақиб эди. Ютишга кўзим етмасди. Шу хаёл билан уйдан чиқдим ва йўлда Миржалолни учратиб қолдим. Қаерга кетаётганимни сўради. Айтдим. Шунда у “Зуфар агар, ютқазсанг махаллага умуман келмагин”деди. Ушбу гап менга рухий таъсир қилди ва финалда рақибимни мағлуб этдим. Шу чемпионлик сабабли катта боксга янада қизиқишим ортиб кетди. Мазкур воқейлик кейинги камтарона муваффақиятларим омили бўлиб хизмат қилган.

photo_2019-07-21_20-09-48_1

Аҳмадбек ЭШМАТОВ СУХБАТЛАШДИ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
05/08/2019 21:15
Жуда ёкди интервью