Миржалол Қосимов "Шабаб Ал-Аҳли"га бой берилган ўйин ҳақида нималар деди?
Осиё Чемпионлар Лигаси 4-туридан ўрин олган "Шабаб Ал-Аҳли" - АГМК баҳсидан сўнг, олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Авваламбор, ассалому алайкум. Жуда ҳам муҳим ўйин эди. Ҳар иккала жамоа учун бугунги баҳс аҳамияти юқори эди. Футболчиларга ҳам мазкур ўйин аҳамияти нақадар катталигини тушунтиргандик. Ўйиндан аввал ҳам айтгандим, экватордан ўтдик ва мазкур учрашувдан яхши ўтиб олсак, кейинги имкониятларимиз яхшиланиши ҳақида таъкидлагандим. Ўзимиз айбдормиз. 12-дақиқадаёқ ҳисобда икки тўп фарқи билан ортда бораётгандик. Бундай "совға"лар билан ўйнаш керак эмас. Ўзимизнинг аянчли хатоларимиз эвазига ютқаздик. Ғалаба билан эса "Шабаб Ал-Аҳли"ни табриклайман".
— Ўйиндан олдин буёғига футболчиларда жисмоний толиқиш ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтгандингиз. Бугунги баҳсда шу нарса панд бердими?
— Чарчоқ эмас, балки тезкор голлар таъсирини кўрсатди. Ҳисобда 2:0 ортда бораётганда гол билан жавоб бериб, ўйинда ёмон ҳаракатланмаётгандик. Бироқ учинчи гол жамоага руҳан таъсир қилди. Лекин жисмонан жамоамиз ҳолати ёмон эмас. Ютқазаётганда эса шошқалоқликлар руй бериб, хатолар кўпайди. Бу ерда жисмоний ҳолат эмас, жамоанинг руҳияти тушиб кетди.
— Гуруҳдаги иккинчи ўйинда "Истиқлол"нинг ғалабаси гуруҳдаги барча жамоаларнинг плей-оффга чиқиш имкониятларини сақлаб қолди. Кейинги учрашувларда жамоани қандай тайёрламоқчисиз?
— Бу ўйин тарихга кирди. Жамоа жисмонан тайёр. Икки кун ичида жамоани руҳан бўлажак учрашувларга тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Олдимизда иккита қийин ўйин турибди. Агарда бугун яхши натижа кўрсатганимизда, ишимиз енгилроқ бўларди. Лекин амалга ошириб бўлмайдиган ишни ўзи йўқ. Охиригача ҳаракат қиламиз", - деди Қосимов.
Фикрлар