Мирзоҳид Ғофуров: "Сўғдиёна"га қарши ўйинда иккинчи даврада омадсизликларга барҳам бермоқчимиз
"Навбаҳор" жамоаси Cуперлига 20-тури доирасидан ўрин олган баҳсда Жиззахда “Сўғдиёна” клуби меҳмони бўлади. Бўлажак баҳс олдидан "лочинлар" ҳимоячиси Мирзоҳид Ғофуров ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Бугунги баҳс шиддатли ва курашларга бой тарзда кечади, деган умиддаман. Боиси, “Сўғдиёна” ўз майдонида ғалаба қозонишга интилади. Ўз навбатида жамоамиз ҳам майдонга 3 очкони қўлга киритиш учун тушади.
Иккинчи давра баҳсларида унчалик омадимиз келмаяпти. Россиялик мутахассис Андрей Антанасович Канчельскис “Навбаҳор”га қайтди ҳамда энди унинг қўл остида ижобий натижаларни қайд этишга ҳаракат қиламиз. Жиззахда зафар қучсак, омадсиз ўйинларга ҳам барҳам берамиз. Шу боис, бўлажак баҳсда ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Фақатгина Намангандан ташриф буюрган мухлисларимиз бизни астойдил қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани. Биз эса уларнинг ишончларини оқлашга интиламиз, - деди ҳимоячи.
Фикрлар