Мишель Соро Мадримов билан жангдан олдин: "Мен исталган рақибни истаган жойда мағлуб этаман"
Исроил Мадримов 17 декабрда Тошкентдаги Ренессанс аренада ўтадиган ва DAZN платформаси орқали тўлиқ ёритилиши режалаштирилаётган навбатдаги жанг кечасида франциялик Мишель Сорони супер ярим ўрта вазнда WBА Super камари учун якуний элиминатор жангида мағлуб этиш орқали ўзининг чемпионлик орзусига янада яқинлашиши мумкин.
Мадримов (7-0, 5 КО) ҳозирда WBА рейтингида Сородан кейинги 2-ўринга жойлашган. У 3 апрель оқшомида "Humo arena"да бўлиб ўтган Аҳмадалиев-Иваса жангининг андеркардида конголик енгилмас боксчи Эммани Каломбо (14-1) устидан ғалаба қозонган эди.
Мишель Соро (35-2-1, 24 КО) 2018 йилда америкалик Грег Вендеттини 2-раундда мағлуб этиб, WBА камари учун мажбурий даъвогарга айланган. Амалдаги WBА Gold камари соҳиби бўлган Соро 2019 йилда ватандошлари Андерсон Престот ва Седрик Виту устидан нокаутли ғалабаларни қўлга киритди, аммо ундан сўнг бошқа жанг ўтказмади.
Ўзбекистонлик супер енгил вазн юлдузларидан бири ҳисобланган ва мағлубиятсиз одимлаётган Шаҳрам Ғиёсов (11-0, 9 КО) эса бу жанг оқшомида аргентиналик Кристиан Рафаэл Кориага (29-8-2, 13 КО) қарши рингга кўтарилади. Ғиёсов 3 апрелдаги бокс оқшомида мексикалик Патрисио Лопес Моренони 3-раундда нокаутга учратган ҳолда, ўзининг WBА International камарини муносиб ҳимоя қилган эди.
Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (3-0, 3 КО) эса мексикалик Хосе Ривасга ( 18-12-4, 10 КО) қарши жанг ўтказади. Ҳасанбой 3 апрелда Муҳсин Кизотани 2-раундда чуқур нокаутга тушириб, 3-жангидаёк биринчи ўта енгил вазнда WBA International камарига эга чиққан.
2019 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Дилшодбек Рўзметов профессионал боксда ўзининг дебют жангини ўтказса, мағлубиятсиз одимлаётган Элнур Абдураимов (7-0, 6 КО) ва апрелда ўз дебютини ўтказган проспект - Иқболжон Холдоров (1-0, 1КО) ўзларининг навбатдаги жангларини ўтказадилар. Ушбу бокс кечасининг энг эътиборга молик жангларидан бирида эса туғма бокс юлдузи - Бектемир Мелиқўзиев илк мағлубияти тасодиф эканини исботлашга ҳаракат қилади.
Ушбу бокс кечаси ҳақида Исроил Мадримов қуйидаги фикрларни айтиб ўтди: "Биз DAZNни Ўзбекистонга қайтармоқдамиз. Ўз ватанимда, мухлисларим кўз ўнгида жанг қилишимдан мамнунман. Сорога қарши кечадиган жангимни ўз мақсадимга эришиш йўлидаги жуда катта ва муҳим қадам, деб ҳисоблайман. Мишель Сорони дивизионимдаги чемпионлик камари мавжуд бўлмаган энг яхши боксчи, деб биламан. Ўйлайманки, ушбу жанг бутун дунёдаги бокс ишқибозларига завқ улашади".
Мишель Соро эса : "Мен 17 декабрни сабрсизлик билан кутмоқдаман. Бу баҳсда мен жаҳон чемпионлик жангим йўлидаги сўнгги қадамимни ташлайман. Рақибим Мадримов профессионал рингда атиги 7 та жангидан сўнг, мен билан шундай муҳим беллашувда тўқнаш келаётгани таҳсинга сазовор. Бироқ, мен исталган рақибни, исталган жойда мағлуб эта оламан. Буни аввал 17 декабрда, кейин эса жаҳон чемпионига айланганимда гувоҳи бўласизлар," - деб таъкидлаб ўтди.
Matchroom промоутерлик компаниясининг бошқарув вакилларидан бири Франк Смит эса: "Humo arena"да апрелда ўтказилган катта бокс оқшомидан сўнг, яна бир бор бу давлатга қайтишдан бениҳоя мамнунмиз. Бу жанг кечасида Исроил Мадримов Мишель Сорога қарши жанги билан катта боксни Ўзбекистонга қайтармоқда. Matchroom промоутерлик компанияси бутун дунё бўйлаб бокс кечалари ўтказишни ўзининг устувор мақсадига айлантирган ва 17 декабрда яна бир бор Ўзбекистонда бокс оқшомини ташкиллаштиришдан жуда хурсандмиз. Мадримов - Соро ўртасида ажойиб жанг бўлишига шубҳа йўқ ва бу жанг шу санада бўлиб ўтадиган ва DAZN платформасидан ўрин оладиган Чисора - Паркер ҳамда Зурдо - Гонзалес жангларидек томошабоп шоуга айланади", - дея фикр билдирди.
Тўлиқ жанг жуфтликлари билан яна бир бор танишинг:
Исроил Мадримов (7-0, 5КО) - Мишель Соро (35-2-1, 24КО)
Шаҳрам Ғиёсов (11-0, 9КО)- Кристиан Кориа (29-8-2, 13КО)
Ҳасанбой Дўсматов (3-0, 3КО) - Ҳосе Ривас (18-12-4, 10КО)
Бектемир Мелиқўзиев (7-1, 6КО) - Сергей Екимов (18-3, 9КО)
Иқболжон Холдоров (1-0, 1КО) - Димитрий Милиуша (9-5-1, 4КО)
Элнур Абдураимов (7-0, 6КО) - Жон Гемино (22-12-1, 12КО)
Дилшод Рўзметов (дебют) - Максим Смирнов (8-10-3, 4КО)
Манба: Boxingscene.com
Инглиз тилидан Бекзод Низомиддинов таржимаси
Фикрлар